2022 йил натижаларига кўра тўқимачилик маҳсулотлари экспорти 3.5 млрд.долларни ташкил қилди. Сўнгги беш йиллик натижалар билан таққсоланса бу жуда ҳам катта натижа. Бироқ, айни дамда Ўзбекистон тўқимачилик саноатининг мавжуд имкониятларидан келиб чиқиб келгусида тўқимачилик маҳсулотлари экспортини 2 баробарга ошириш, ва йиллик 5 млрд доллардан ошириш вазифаси тармоқ вакилларининг асосий мақсадига айланган.
Албатта, янги бозорларга киришда фақатгина экологик тоза ва сифатли Ўзбекистон пахтасидан маҳсулот етказиб бериш билан чекланмай, янги турдаги маҳсулотларни ишлаб чиқариш ҳажмларини ошириш ва улар орқали глобал ишлаб чиқариш занжириги қўлишилиш муҳимдир.
Айни кунларда дунёнинг йирик вискоза ишлаб чиқариш компанияси вакиллари «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмасида бўлиб ўтган учрашувда 30 дан ортиқ маҳаллий корхоналар иштирокида вискоза ва ундан аралаш матолар ва маҳсулотлар ишлаб чиқариш юзасидан музокаралар ўтказди. Қизиқарлиси, бу каби вискоза маҳсулоти Ўзбекистонда жуда ҳам кам миқдорда ишлаб чиқарилади, бу эса маҳсулот рақобатбардошлигига таъсир қилиши табиий. Чунки вискозадан ишлаб чиқарилган маҳсулот табиий ва хамёнбоб ҳисоблади.
Айни кунларда, уюшма томонидан йирик компанияларни Ўзбекистонга жалб қилиш ва янги инвестиция лойихаларини ошириш ва бу орқали экспорт салоҳиятини ошириш юзасидан бир қатор ишлаб олиб борилмоқда.
Жумладан, жорий йилнинг 1-ярим йил йиллиги билан “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси масъул этиб белгиланган лойиҳалар доирасида 53,2 млн доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар ўзлаштирилди. Мазкур кўрсаткич белгиланган режага нисбатан 110,6 фоизга бажарилди.
Умумий республика бўйича тўқимачилик соҳасида 1-ярим йил якуни билан 151 та лойиҳа доирасида 437,0 млн доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар ўзлаштирилиб, жами 490,2 млн долларни ташкил этди. Жорий йилнинг 1-ярим йиллигида умумий қиймати 70,7 млн долларлик 11 та лойиҳа ишга туширилиб, 3 110 та янги иш ўринлари яратилди.
Жумладан, Қарши шаҳрида “Kitob Ip Yigiruv” АЖ (3,0 млн.дона тикув-трикотаж маҳсулотлари), Дехконобод туманида “Дехқонобод текстиль” МЧЖ (“Baxt Tekstil” МЧЖ) (8,0 млн дона тикув-трикотаж маҳсулотлари), Наманган шаҳрида “BALANSE TEX” МЧЖ (1,0 млн дона тайёр тикувчилик маҳсулотлари), Термиз шаҳрида “Инденим текстиль” МЧЖ (4,0 млн.дона тикув-трикотаж маҳсулотлари), Шовот туманида “Gurlan Global teks” МЧЖ (2,0 млн.дона тайёр тикув-трикотаж маҳсулотлари) ва бошқа лойиҳалар.
Ўзбекистонда вискоза ишлаб чиқарувчи корхоналар сони чекланган, аммо айтиш мумкинки, бу борадаги ишлар аллақачон бошланган. Бундай корхона 2005 йилдан бери фаолият юритаётган Indago Garments ҳисобланади.
Asia Pacific Rayon компанияси вакиллари Ўзбекистонда вискоза ишлаб чиқариш нафақат корхоналарнинг ишлаб чиқариш кўрсаткичларини ошириш, балки республика тўқимачилик саноатининг янада ривожланишига ҳам қандай таъсир кўрсатиши ҳақида ўз тақдимотларини намойиш этди.
Ҳар икки компания вакиллари ўз тақдимотларида Ўзбекистон минтақавий тўқимачилик марказига айланиш учун катта салоҳиятга эга эканлигини алоҳида таъкидладилар. Бироқ, республикада вискоза ишлаб чиқаришни кенг йўлга қўйишда янада кўпроқ истиқболлар мавжуд бўлиб, бу республика иқтисодиётини диверсификация қилиш, ассортиментни кенгайтириш ва янги иш ўринларини яратиш йўлида муҳим қадам бўлиши мумкин.
Шуни таъкидлаш керакки, тўқимачилик маҳсулотларида қўлланиладиган табиий ва биологик парчаланадиган вискоза ишлаб чиқарувчиси – Asia Pacific Rayon (APR) Осиёда плантациялардан вискоза толасигача бўлган тўлиқ интеграциялашган вискоза толаси ишлаб чиқарувчиси бўлиб, қуввати 300 000 тоннани ташкил этади. APR компанияси Индонезиянинг йирик вискоза ишлаб чиқарувчиси бўлиб, дунеда 2чи ўринда туради.
Sateri – йилига 1,8 миллион тонна вискоза толаси ишлаб чиқариш бўйича дунёда етакчи ҳисобланади. Улар мода матолари ва уй тўқимасидан тортиб, болалар салфеткалари ва гўзаллик маскаларигача бўлган ҳамма нарса учун энг яхши ва барқарор толани таклиф қилишади.
Мутахассисларнинг фикрича, табиий ва синтетик тола ишлаб чиқаришни ривожлантириш Ўзбекистонда тўқимачилик саноатини ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан биридир. Бу нафақат тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш, балки унинг сифатини ошириш, шунингдек, республиканинг экспорт салоҳиятини кенгайтириш имконини беради.




