Тошкент инвестициявий форуми доирасида “Ўзтўқимачиликсаноат” Уюшмаси раҳбарияти UNECE масъул котиби Татьяна Молчан билан ишчи учрашув ўтказди.
Муҳокамалар давомида корхоналарнинг Европа брендлари билан ишлаш, тўқимачилик чиқиндиларини қайта ишлаш ва сув ресурсларидан самарали фойдаланиш соҳасидаги ваколатларини оширишга қаратилган ҳамкорликнинг асосий йўналишлари аниқланди. Шунингдек, улар Sustainability Pledge by UNECE инновацион платформаси ёрдамида тўқимачилик саноатини чет элда тарғиб қилиш масалаларига тўхталдилар.
Учрашув якунида томонлар Уюшма раҳбариятининг Миланда бўлиб ўтадиган UNECE Scaling Transparency Event ни барқарор ривожлантириш бўйича йиллик конференциясида иштирок этиш тўғрисида келишиб олдилар. Бундан ташқари, UNECE делегациясининг жорий йил сентябрь ойида Самарқандда бўлиб ўтадиган ITMF & IAF 2024 конференциясида қатнашиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Ушбу қадамлар тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатида барқарор ривожланишга кўмаклашиш ва иқтисодиётнинг ушбу муҳим секторида халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича ишларни давом эттиришга имкон беради.




