Тўқимачилик саноати Республикамиз иқтисодиётининг жадал суръатларда ривожланаётган саноат тармоғидир. Саноат тўқимачилик маҳсулотлари экспорти, ҳудудларда янги лойиҳаларни амалга ошириш, янги маҳсулот турларини ишлаб чиқариш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва иш ўринларини яратиш, солиқ ва бошқа ижтимоий тўловларни тўлашда етакчилардан бири ҳисобланади. Айни дамда, тўқимачилик саноатида 12 000 зиёд корхона фаолият юритиб келаётган бўлса, улардан 2 000 таси “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси аъзолари ҳисобланади.
Давлатимиз раҳбарининг 2023 йил 10 январдаги ПФ-2 сон қарорига мувофиқ уюшма томонидан соҳанинг экспорт салоҳиятини ошириш, кийим-кечак ва трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражасини ошириш ва аҳолини иш билан таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
- Ишлаб чиқаришда йил охиригача 1 миллион 100 минг тонна табиий ва 149,5 минг тоннадан ортиқ кимёвий толалар қайта ишланиши режалаштирилган.
Бунда, жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида тармоқ корхоналари томонидан 523,8 минг тонна тола қайта ишланди ва саноат маҳсулотларининг умумий ҳажми, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан, 2 триллион 864 миллиард сўмга ошиб, 43,2 триллион сўмга тенг бўлди, ўсиш суръати 107,1 фоизни ташкил этди. Шунга кўра, ип-калава ишлаб чиқарилиши кўпайиб, 447,7 минг тонна (ўсиш суръати 106%), газлама – 413,8 миллион квадрат метр (106,2%), трикотаж газлама – 126,8 минг тонна (107,1%) ва пайпоқ маҳсулотлари – 239,6 миллион жуфтни (101,1%) ташкил этди. Янги турдаги маҳсулотлардан: кийим учун замоклар ва грануладан тугмалар, аёллар колготкалари ва ички кийимлари, аралаш матодан турли тайёр маҳсулотлар, ётоқ учун плед ва одеёллар ҳамда бошқа турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши йўлга қўйилди.
- Биринчи ярим йил ичида ўзбек тўқимачилик маҳсулотларини импорт қилувчи давлатларга Уммон, Кипр, Мальта каби давлатлар қўшилди ва ҳаммаси бўлиб дунёнинг 50 да давлатига 1 миллиард 620 миллион долларлик маҳсулот экспорт қилинди. Булар ичида ҳозирги кунда Европа ва МДҲнинг қатор давлатлатларига, Латин Американинг Гондурас давлатига, Хитой, Туркия ва бошқа давлатларга тўқимачилик маҳсулотлари экспорти йўлга қўйилган.
- Инвестицияларни жалб этишда 2023 йилнинг 6 ой ўзида умумий қиймати 95,2 миллион долларлик 15 тадан ортиқ йирик лойиҳа ишга туширилди, бунинг натижасида 3500 дан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Жумладан, сунъий ва аралаш ип калава ишлаб чиқаручи Бухоро вилоятидаги “Сиёвуш текстиль” ва “WBM Romitex”, тола ва аралаш мато ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришда Фарғона вилоятидаги “Global Textile Infinity” ва мато ишлаб чиқаришда “Baxodir Log‘оn Tekstil”, ип калава ишлаб чиқаришда Тошкент вилоятидаги “TCT Cluster”, тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришда Қарши шаҳридаги “Kitob Ip Yigiruv” ва Деҳқонобод туманидаги “Dehqonobod Textile” ва бошқа лойҳалар ишга туширилди.
Ўтган давр мобайнида (2017-2022 йй.) Уюшма ва тармоқ корхоналари томонидан умумий 428 дан ортиқ қиймати 3,6 млрд долларлик янги лойиҳаларни амалга ошириш натижасида 95 000 зиёд янги иш ўринлари яратилди.
- 2022-2023 йиллар Ўзбекистон халқаро ҳамжамият томонидан тўқимачилик саноатида ижтимоий муҳофаза, ижтимоий тенглик ва жавогарлик тамойилларига мос равишда ривожланаётган саноат кенг эътироф этилди. Бу борада, Халқаро меҳнат ташкилоти ва Халқаро молия корпорациясининг Ўзбекистонда расман Better Work дастури ўз фаолиятини бошлади. Шу билан биргаликда глобал занжирга кириш учун пахта етиштиришда шаффофлик ва барқарорликга асосан иш олиб бориш мақсадида Better Cotton ташаббуси 2023 йилдан пахта-тўқимачилик кластерлари билан ҳамкорлик қилмоқда. Бу эса Disney, Nike, H&M, Zara каби йирик брендларга маҳсулот етказиб бериш имкониятларини бир неча баробарга оширишга имкон яратади.
Шунингдек, ўтган даврда GIZ, GHERZI, Amfori, Control Union, Peterson Projects, Xenophon Strategies, ACIR, COLOURizd компаниялари билан ҳамкорлик доирасида саноат корхоналари учун семинар ва тренинглар, конференция ва бизнес форумлар ва бошқа турли тадбирлар ўтказилди. Бугунги кунга қадар тармоқ корхоналари орасида жами қуйидаги халқаро стандартлар жорий этилган: ISO 9001/14001/18001/45001/50001 стандартига – 1200 дан ортиқ, OEKO TEX – 100, SEDEX – 30, BSCI– 25, GOTS ва Organic EU- 8, OCS – 4, CE маркировкаси – 3, GRS – 1 корхоналар эгадир. Ўзбекистон учун янги – WRAP (Worldwide Responsible Acredited Production) стандартларини 20 дан ортиқ корхоналар жорий этиш жараёнида. Бу эса Америка бозорига кириш ва брендлар ва АҚШ чакана сотувчилари билан ишлаш имкониятини беради.
Алоҳида эътибор маҳаллий тўқимачилик компаниялар, брендларни ташқи бозорда нуфузини ошириш ва соурс компаниялар билан алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилди. Бу борада 9 мингдан зиёд иштирокчиларни жалб эта олган Тошкент тўқимачилик ҳафталиги ташкил этилиб унда, UztextileExpo халқаро кўргазмаси, Тошкент тўқимачилик форуми, бизнес тур ва семинарлар ташкил этилди. Илк бор маҳаллий корхона раҳбарлари учун мерчандайзинг, дизайн, ранг танлаш, корпоратив бошқарув юзасидан тренинглар ўтказилди. Хорижий ОАВ вакиллари учун маҳаллий корхоналарга пресс-тур ташкил этилиб, Исроил, Польша, Туркия, Эрон, Озарбайжон, Россиянинг қатор нашрларида ўзбек тўқимачилик саноати ислоҳотлари ва ютуқлари кенг ёритилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг Италиянинг Милан шаҳрида бўлиб ўтган дунёнинг энг йирик кўргазмаларидан бири Халқаро тўқимачилик технологиялари кўргазмасида (ITMA2023) иштироки халқаро ҳамжамият томонидан юқори баҳоланди ва Ўзбекистон тўқимачилик саноатини янада ривожлантиришга интилишини кўрсатди.
Шу билан бирга Уюшма ва 70 дан ортиқ тармоқ корхоналари ўтган олти ой мобайнида 20 дан ортиқ халқаро кўргазма ва бизнес форумларда иштирок этишди. Жумладан, Германиянинг Франкфурт шаҳрида бўлиб ўтган Heimtextil уй маҳсулотлари кўргазмаси, АҚШнинг Нью-Йорк шаҳрида – Texworld USA, Дания пойтахти Копенгаген шаҳрида – Глобал мода саммити ва Голландиянинг Амстердам шаҳрида – Kingpins Show Amsterdam жинси кўргазмаси, Швейцариянинг Женева шаҳрида – БМТ ЕИКнинг “Яшил иқтисодиёт”нинг 70-сессияси – буларнинг барчаси Ўзбекистоннинг халқаро иштирокчи сифатида эътироф этилганидан далолатдир. Бундан ташқари, Сингапур, Германия, Италия, Саудия Арабистони, Хитой, Франция, Грузия, Озарбайжон, Россия, Миср, Япония ва бошқа давлатларда бизнес миссиялари ва кўргазмалари ташкил этилди. Натижада Sandro, Cottonella, Armonie Intime, Carrera jeans, The North Face Singapore, Chargeurs, Kontoor Brands каби жаҳон брендлари билан иш бошланди.
Айни дамда халқаро брендларни релокация қилиш юзасидан иш олиб борилмоқда. Булар жумласидан, Cottonella, Armone Intime, Teamdress Holding, Langheinrich Vertriebs ва бошқалар.
Ўтган ярим йилликда Уюшманинг Германия ва Испанияда хорижий ваколатхоналари ва савдо уйлари ташкил этилди. Шу билан бир қаторда Германиянинг Штутгарт шаҳрида Ўзбекистон ва Германия тўқимачилик уюшмалари ва корхоналари таъсисчилигида “Барқарор пахта уюшмаси” ташкил этилди ва дунёнинг машхур WTIN, F2F, Textil Wirschaft каби йирик ОАВ билан алоқалар ўрнатилди.
Олиб борилаётган кенг кўламдаги ислоҳотлар ва Сингапур, Қирғизстон, Германия, Италия каби хорижий давлатлар билан иккитомонлама алоқаларни жадаллашиши натижасида Давлат ташрифлари доирасида умумий қиймати 507,4 миллион долларлик 31 та инвестиция лойиҳасини амалга оширишга келишиб олинди.
Тўқимачилик соҳасини ислоҳ қилиш ва янада ривожлантириш, кластер тизимини такомиллаштириш, экспорт фаолиятини жадаллаштириш ва экспортёрларни қўллаб-қувватлаш ва бошқа йўналишлар борасида 2017-2023 йилларда 20 тадан ортиқ Президент ва Вазирлар Маҳкамаси фармонлари, қарорлари, протоколлари тасдиқланди ва ишга тушди, ижроси таъминланди.
Хулоса ўрнида яна рақамларга мурожаат қиламиз. Тўқимачилик маҳсулотлари экспорти жиҳатидан йил якунига 4,5 млрд долларга етказиш режалаштирилган бўлиб, бунда саноат маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмлари 88 трлн 370 млрд сўмга етказилади ва юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар улуши 54,9%ни ташкил этади.
2023 йил охиригича тўқимачилик ва тикувчилик саноатида 74 та умумий қиймати 897,4 миллион АҚШ долларига тенг йирик лойиҳалар амалга оширилиши натижасида 23 мингдан ортиқ янги иш ўринлари яратилиб, экспорт салоҳияти 328,4 миллион АҚШ долларини ташкил этиши кутилмоқда.
Шу билан бирга, август ойида Германияга ўзбек тўқимачилиги делегацияси ташрифи, сентябрь ойида TTME кўргазмаси, октябрь ойида Тошкент тўқимачилик ҳафталиги, ноябрь ойи бошида Хитойда ITMF халқаро конференциясида Ўзбекистон компаниялари иштироки каби йирик соҳа воқеалари кутилмоқда.



