Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 17 февралда Бухорога қилган ташрифи доирасида тўқимачилик саноатини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратгани, ушбу соҳа вакилларини янада кўпроқ изланишга, тармоқ тараққиётини мустаҳкамлаш йўлида меҳнат қилишга ундади.
Тўқимачилик саноатини ривожлантириш – бу бунёдкор халқнинг эртанги истиқболи, аҳолининг кенг қатлами доимий бандлигини таъминлаш, шу аснода соҳасини мамлакат иқтисодиётининг муҳим бўғини эканини яна бир бор кўрсатиш демакдир.
Вилоятимизда бугунги кунда 690 та тўқимачилик саноати корхоналари фаолият олиб бораётган бўлса, улардан бири туманимизда ўз фаолиятини бошлаган “Ромитекс” масъулияти чекланган жамият ҳисобланади.
Президентимизнинг Бухорога ташрифи чоғида бир неча корхоналар қатори бизнинг корхонани ҳам онлайн тарзда очишга старт берганлиги катта фахр ва ифтихордир.
Бу ерда йилига 27 минг тонна пахтани қайта ишлаш имконияти мавжуд. Иш бошлаган даслабки босқичда ромитанлик минг нафардан ортиқ, асосан “Темир дафтар”да қайд этилган ёшлар фаолият кўрсатмоқда.
Уларнинг аксарияти хотин-қизлардир.
Шуни таъкидлаш керакки, қиймати 150 минг евро бўлган тўқимачилик ва йирик ишлаб чиқариш корхонаси тўлиқ қувват билан ишласа 3 минг киши иш билан таъминланади.
Президентимиз томонидан белгилаб берилган устувор вазифаларни бажаришга, кўзланган марраларни забт этишга бор куч-ғайратимизни сафарбар этамиз.
Оматжон Жўрабоев,
“Ромитекс” масъулияти чекланган жамият раиси.
ЎзА



