Айни кунларда 10 дан ортиқ тўқимачилик корхоналаридан ташкил топган “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси делегацияси 2023 йил 6 август куни Покистон тўқимачилик фабрикалари уюшмаси (APTMA) ҳамда Уюшма ўртасида икки давлат ўртасида тўқимачилик соҳасида икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича имзоланган Меморандум мувофиқ Покистон давлатида бизнес ташриф билан бўлиб турибди.
Бизнес ташрифдан асосий мақсад Покистоннинг тўқимачилик ривожланган бир қатор шаҳарларига ташриф буюрган ҳолда, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси ва Покистон тўқимачилик корхоналари уюшмаси-APTMA ўртасида ўзаро тажриба ва билим алмашишдан иборат.
Ташрифнинг илк кунларида делегация вакиллари Покистон тўқимачилик маҳсулотлари экспортчилари уюшмаси (PTEA)га ташриф буюриб, мамлакатнинг умумий экспорт салоҳияти, ишлаб чиқарилаётган маҳсулот турлари, экспорт географияси ва халқаро брендларнинг талаблари билан яқиндан танишдилар. Учрашув якунларига кўра, делегация вакиллари томонидан Покистон корхоналари томонидан уй тўқимачилик маҳсулотлари учун хом-ашё етказиб бериш ва Ўзбекистонда қайта ишлаган ҳолда уни Европа ва МДҲ давлатларига экспорт қилиш бўйича келишувга эришилди.
Ташрифнинг кейинги кунларида делегация вакиллари учун Покистон тўқимачилик корхоналари уюшмаси (APTMA) томонидан Покистон тажрибасига бағишланган бир қатор семинарлар ва корхоналарга ташрифлар ташкил этилади. Корхона ходимларининг малака ва кўникмасини ошириш мақсадида ўз тажрибасига асосланиб, APTMA Европа Иттифоқи мураккаб халқаро барқарорлик талабларини корхоналарга тўлиқ тушунтиришда техник ёрдамлар кўрсатади.



