Ўзбекистон делегациясининг март ойида Японияга расмий ташрифи доирасида “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси бошчилигидаги тўқимачилик делегациясининг бизнес миссияси режалаштирилган. Ташрифдан мақсад ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва япониялик инвесторлар эътиборини янги лойиҳаларга жалб этишдан иборат.
Ўзбекистон вазирлик ва идоралари раҳбарлари қатор учрашувлар ўтказиб, Япония расмийлари билан кенг кўламли масалаларни муҳокама қиладилар. Бундан ташқари, Япониянинг йирик компанияларини истиқболли қўшма лойиҳаларни муҳокама қилишга жалб қилиш режалаштирилган.
Алоҳида эътибор тўқимачилик саноатига қаратилмоқда. “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси ва соҳадаги етакчи компаниялар вакилларидан иборат бўлган Ўзбекистон делегацияси япониялик ҳамкорлар билан В2В форматида бир қатор учрашувлар ўтказади. Муҳокаманинг асосий мавзуларига япон ишлаб чиқарувчилари, брендлари ва ритейлерлари учун органик пахта ип калаваси, уй тўқимачилиги ва тайёр трикотаж маҳсулотлари экспортини кўпайтириш киради.
Режалаштирилаётган Ўзбекистон-Япония бизнес-форуми, жумладан тўқимачилик соҳасида ҳам, янги истиқбол ва имкониятларни тақдим этиш, икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш ва ҳамкорликнинг ушбу муҳим соҳасини янада ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш учун майдон бўлади.
uzts.uz веб-сайтидаги маълумотларни кўпайтириш, нусхалаш, тиражлаш, тарқатиш ва бошқа тарзда фойдаланиш фақат уюшма веб-сайтига ҳавола орқали амалга оширилиши мумкин




