Ўзбекистон-Хитой бизнес форумида тўқимачилик саноатидаги ҳамкорликка алоҳида урғу берилди.
24 январь куни Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонаси ва Инвестициялар ва ташқи савдо вазирликлари томонидан Ўзбекистон ва Хитой давлат идора вакиллари ва нуфузли тадбиркорлар иштирокида бизнес форум бўлиб ўтди. Ушбу тадбир икки давлат ўртасидаги дипломатик муносабатлар ўрнатилганлигининг 30 йиллигига бағишланди.
Тадбирда «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмасининг биринчи ўринбосари Даврон Вахабов қатнашди ва Республикамиз тўқимачилик соҳасининг салоҳияти борасида тақдимот ўтказилди, шу жумладан, тўқимачилик ва тикув – трикотаж маҳсулотлари экспортини амалга оширувчи давлатлар орасида Ўзбекистон юқори рейтингга эга бўлиб турганлиги ва экспорт товарлар номенклатурасида йигирилган ип – калавадан тортиб тайёр маҳсулотгача бўлган жараёнларни ўз ичига олганлиги алоҳида таъкидлаб ўтилди.
Жумладан, бугунги кунда Хитой Халқ Республикаси инвесторлари томонидан тўқимачилик саноатида 33 дан ортиқ инвестицион лойиҳалар амалга оширилган бўлиб, сўнги 4 йилда 12 та йирик лойиҳалар амалга оширилиши натижасида 500 млн.доллардан ортқи инвестициялар киритилди ва 6000 зиёд янги иш ўринлари яратилди.
Хитой ўзбек тўқимачилик маҳсулотларининг асосий истеъмолчиси бўлиб қолмоқда, 2020 йилда 400 млн.доллардан ортиқ маҳсулот Хитой бозорига етказиб берилган. Истиқболда ўндан ортиқ янги лойиҳалар амалга оширилиши белгиланганлиги таъкидлаб ўтилди.



