Бугун янги очилган «Tashkent City Mall» савдо мажмуасида “Ўзбекистонда халқаро брендлар учун янги имкониятлар” мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Матбуот анжумани Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги томонидан ташкил этилган бўлиб, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасининг Стандартлаштириш ва сертификатлаш бошқармаси раҳбари асосий спикерлар сифатида иштирок этди. Шунингдек, тадбирда республика вазирлик ва идоралар ҳамда ОАВ вакиллари билан бирга хорижий брендлар вакиллари ҳам қатнашди.
ИССВ вакиллари 2024 йил 5 мартдаги 112-сонли Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори юзасидан халқаро брендлар Ўзбекистон бозорига киришда яратилган қулайликалар ва муҳим ўзгаришлар бўйича батафсил маълумот бериб ўтди. Шунингдек, сертификат тақдим этилган 40та бренддан 20таси «Tashkent City Mall» ва мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ўз фаолиятини ишга қўйганини маълум қилди.
“Ўзтўқимачиликсаноат” вакили халқаро брендларни Ўзбекистонга олиб келишда уюшма томонидан амалга оширилган ишлар, улар билан ўрнатилган ҳамкорлик алоқалари, ўзбек тўқимачилик корхоналари қайси брендлар учун маҳсулот ишлаб чиқиши ҳақида нутқи билан чиқди. Жумладан, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар 27 тадан ортиқ халқаро брендларнинг етказиб бериш занжирига қўшилганлиги, маҳсулотлар халқаро стандартларга тўла жавоб бериши айтиб ўтилди. Шу билан бирга, халқаро брендларга маҳсулот етказиб беришга маҳаллий ишлаб чиқарувчилар тайёрлиги таъкидланди.




