Ўзбекистон пахтачилик ва тўқимачилик соҳаси кўп йиллар халқаро пахта тақиқи остида бўлди. Аммо шундай ноқулай даврда ҳам Сингапурнинг INDORAMA GROUP компанияси мамлакатни қўллаб-қувватлади. Бугун эса мақоламизни ушбу компанияга, унинг республика тўқимачилик саноати тикланиши ва ривожланишига қўшган ҳиссасига бағишлашга қарор қилдик. Суҳбатдошимиз Дипак РАЙНА пахтачилик ва тўқимачилик соҳасида умумий мақсадларга эришиш йўлида икки мамлакатнинг қўшма фаолиятига доир кўпгина жиҳатлар ҳақида сўз юритди.
– Жаноб Райна, суҳбатимизни Indorama Group компаниясининг Ўзбекистонга ташрифидан бошласак. Унинг мамлакатимиздаги мақсад ва вазифалари қандай? Маълумки, компания пахтага тақиқ қўйилган энг ноқулай даврда ҳам мамлакат тўқимачилик саноатига инвестициялар киритган эди. Бундан ташқари, компания халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва бойкотни бекор қилишда муҳим ўрин тутди. Шу ҳақда батафсил тўхталсангиз.
– Агар Indorama Group компанияси ҳақида сўз юритсак, у 45 йил муқаддам тўқимачилик соҳасида иш бошлаб, ўнлаб йиллар муваффақиятли ривожланган даврида бизнесимиз янада кўп миллатли ва ҳар тарафлама тус олди, аммо тўқимачилик саноати асосий йўналишларимиздан бири бўлиб қолмоқда – компаниямиз аввалгидек тўқимачилик маҳсулотларининг дунёда энг йирик етказиб берувчиси ҳисобланади.
Нега Ўзбекистон тўқимачилик соҳасига инвестиция киритдик? Негаки биз 10 йилдан кўпроқ вақт аввал Ўзбекистон бозорига қадам қўйган пайтимизда, у пахтани етиштирувчи ва асосан ип-калава тарзида экспорт қилувчи энг йирик мамлакатлар бири сифатида танилганини билардик. Бу мамлакат салоҳияти улкан, бизга эса пахтани экспорт қилиш эмас, балки етиштириш ва қайта ишлаш жуда муҳим. Шундай қилиб, жаҳон стандартига мос ип-калава ишлаб чиқаришни бошладик ва бу йўналишда ўша вақтдаёқ, 12 йил аввал инвестициялар киритдик.
2022 йилда Ўзбекистон 3 млрд. доллардан зиёд ҳажмда тўқимачилик маҳсулотларини экспорт қилди. Бу эса Indorama Group инвестициялар борасида тўғри қарорга келганидан дарак беради. Маълумки, Cotton Campaign халқаро коалициясига аъзо бўлган 300 дан ортиқ хорижий брендлар Ўзбекистонга бойкот эълон қилган эди. Биз мулоқотга киришиб, Ўзбекистон билан ишлашга чақирдик. 2022 йил бошида бойкот бекор қилингандан сўнг Ўзбекистонга халқаро брендларни жалб қилиш ва уларнинг маҳсулот етказиб бериш занжирларида иштирок этиш борасида янги имкониятларни қўлга киритдик. Уларга сифатли маҳсулот етказиб беришга интиламиз. Бунинг учун бизда «Энг яхши пахта» сертификатлаштириш тизими бор. BCI сертификатларига эга маҳсулотларимизни кўрган брендлар биз билан ҳамкорликка интилади, чунки бу дунёда эътироф этилган тизимдир. Биз BCI билан ишлаб, Ўзбекистон тарихида биринчи бўлиб мазкур сертификатни олдик. Шу тарзда тайёр кийим, интерьер ва сочиқлар учун мато ишлаб чиқарувчиларига брендлар билан ишлаш борасида ажойиб шароитлар яратилди.
– Сизнингча, Indorama Group компанияси Ўзбекистон тўқимачилик саноатига инвестициялар киритганидан буён бу соҳада қандай туб ўзгаришлар юз берди?
– Indorama Group компанияси Ўзбекистон тўқимачилик саноатининг энг йирик инвесторларидан. Шунингдек, компаниямиз мамлакатнинг нафақат тўқимачилик, балки агробизнес соҳасига инвестициялар киритади, бундан ташқари, Ўзбекистонда ўғит ишлаб чиқариш бўйича бизнесини ривожлантирмоқда. Ушбу мақсад йўлида Фарғонада азот ишлаб чиқариш билан шуғулланмоқдамиз ва Indorama Kokand Fertilizers компаниясини ишга туширдик. Инвестицияларга келсак, Ўзбекистон табиий захираларга бой, тажрибали мутахассисларга эга, саноат соҳасида ҳам барча нарса муҳайё. Шу сабаб, мамлакатингиз инвесторлар учун жуда қулай. Ўзбекистон бозор иқтисодиётига ўтишга катта эътибор бермоқда, 2016 йил ислоҳотлари ва иқтисодиётдаги кейинги янгиланишлар яхши натижалар келтирди. Мамлакатга инвестор сифатида қадам қўяр экансиз, бу ердаги барча имкониятларни баҳолайсиз, таваккалчиликлар ҳақида билиб оласиз. Буни ҳар бир инвестор инобатга олади. Аввало худди шу йўналишда Ўзбекистон инвесторлар учун хавфсиз ва қулайдир.
Ўзингиз ва бизнесингиз муҳофаза остида эканлигини билиб, бу мамлакат бозорига бемалол қадам қўяверасиз. Бу инвестицияларингиз ҳимояланган деганидир. Ҳозир қийинчиликлар йўқ дея олмайман, аммо имкониятлар етарли.
– Indorama Kokand Textile компанияси Ўзбекистонда ип-калаванинг етакчи ишлаб чиқарувчиларидан бирига айланмоқда. Унинг муваффақиятига нима ёрдам берди? Уни ривожлантиришнинг келгуси стратегияси қандай?
– Бугун Indorama Kokand Textile ип-калава ишлаб чиқариш бўйича етакчи корхоналардан бири бўлиб, йиллик ҳажми 50 тоннани ташкил этмоқда. Компания очилиши боис, мингдан зиёд одамлар ишлик бўлди, уларнинг аксар қисми аёллар. Компаниямизнинг асосий вазифалари сифат ва очиқлик кафолатлари бўлиб, уларни таъминлаш учун ISO ва бошқа халқаро сертификатлар мавжуд, шунингдек, компания жаҳон даражасида хавфсиз ишлаб чиқариш тизимини яратган.
Ҳозир маҳсулотларимизни дунёнинг барча мамлакатларига экспорт қилиш имкониятига эгамиз. Шубҳа йўқки, мақсадларимиз бизнесимизнинг кейинги технологик йўналишига боғлиқ бўлади.
– «Indorama Group» мамлакат қишлоқ хўжалигига ҳам инвестициялар киритган. Пахта соҳаси компаниянинг асосий бизнеси бўлса-да, ташкил этилган Indorama Agro компанияси эндиликда Ўзбекистонда етакчи агрокластер ҳисобланади.
– Тўғри айтдингиз, «Indorama Group» эндиликда Indorama Agro компанияси билан қишлоқ хўжалигида иш бошлади. Агросаноат бизнеси биз учун одатий эмас. Аммо, Ўзбекистон илк фермерлик корхонаси – Indorama Agro очилган биринчи мамлакатга айланди. Бир вақтлар худди шу мақсадда, яъни, тўқимачилик соҳасини ривожлантириш учун Ўзбекистонга қадам қўйиб, муваффақиятга эришдик. Компаниямизнинг бу илк тажрибасини Ўзбекистонга барқарор қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда ёрдам бериш мақсадида яна қўлладик. Иқтисодиётнинг ушбу соҳасида иш бошлашдан олдин бу масала юзасидан кўп тадқиқотлар ўтказиб, АҚШ, Бразилия ва Австралия каби ривожланган мамлакатларда қишлоқ хўжалигини юритиш тажрибасини ўргандик. Энди эса тадқиқотларимиз натижаларини Ўзбекистон шароитларига мослаштиришга ҳаракат қилмоқдамиз. Шунингдек, Ўзбекистоннинг барча ноёб тупроқ-иқлим хусусиятларини ўрганиб, бу ерга кўплаб юқори малакали мутахассисларни жалб этдик. Бу Ўзбекистон қишлоқ хўжалигида илк тажрибамиз бўлганлиги сабабли бу ерга энг илғор технологияларни олиб кирдик. Ҳозир мана шу тажрибамизга таяниб, Ўзбекистонда ўз фаолиятимизнинг ҳар бир йўналиши бўйича алоҳида ишларни амалга оширдик. Масалан, пахта даласига лазер билан ишлов бердик. Мамлакатнинг иссиқ иқлимида, айниқса, қишлоқ хўжалигида сув қимматли захира эканлигини инобатга олиб, томчилаб суғориш тизимини жорий этдик. Шўрланган ерларни такрорий бойитиш мақсадида, сифатли маҳсулотлар олиш учун тупроққа ишлов бердик, ернинг шўрини ювиб, тузни зарарсизлантириш учун кальций билан бойитдик. Шу билан бирга, халқаро ташкилотлар тажрибасидан фойдаланиб, жаҳон даражасидаги биологик ҳашаротлар дастури ишга туширилди, бу ҳашаротларни кўпайтириш учун икки махсус биолаборатория ташкил этилди. Мақсадимиз – қишлоқ хўжалигини ўзгартириш, уни ривожлантириш учун янги билим ва технологиялар киритиш, мамлакатингизни жаҳон бозорига олиб чиқиш.
– Мамлакатимиз иқтисодиётига қўшаётган улкан ҳиссангиз учун раҳмат. Келгуси ишларингизда катта муваффақиятлар тилаймиз!
uzts.uz веб-сайтидаги маълумотларни кўпайтириш, нусхалаш, тиражлаш, тарқатиш ва бошқа тарзда фойдаланиш фақат уюшма веб-сайтига ҳавола орқали амалга оширилиши мумкин




