2023-йилнинг 14-февраль куни “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасида Саудия Арабистони Подшоҳлигининг Ўзбекистондаги элчиси Юсуф бин Солиҳ ал-Утайбий билан учрашув бўлиб ўтди.
Учрашув икки мамлакатнинг тўқимачилик соҳасида ҳамкорликни йўлга қўйиш ва кенгайтиришда алоҳида аҳамиятга эга эканлигини томонлар таъкидлади.
Айтиш жоизки, кейинги йилларда икки давлат ўртасида кўп тармоқли алоқалар фаоллашди. Хусусан, сармоявий, энергетика ва савдо-иқтисодий соҳалардаги ҳамкорлик жадал кенгаймоқда.
Ўзбекистон ва Саудия Арабистони Подшоҳлиги ўртасидаги икки томонлама ҳамкорлик Сиёсий, иқтисодий, савдо-иқтисодий, сармоявий ва технологик соҳалардаги ҳамкорлик тўғрисидаги Англашув асосида амалга оширилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2022-йил август ойида Саудия Арабистони Подшоҳлигига ташрифи икки томонлама муносабатлар тарихидаги муҳим босқич бўлиб, уларнинг ривожланишига қўшимча туртки бўлди.
Тўқимачилик соҳасида ўтган йили Ўзбекистондан Саудия Арабистони Подшоҳлигига экспорт ҳажми юқори қўшимча қийматга эга бўлган тикувчилик, трикотаж, пайпоқ ва гилам маҳсулотларига тўғри келди.
Саудия Арабистони элчиси билан бўлиб ўтган учрашувда икки давлат ўртасида тўқимачилик саноати соҳасида ҳамкорликни янада кенгайтириш, трикотаж, уй тўқимачилик, болалар кийимлари ва гилам маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи маҳаллий корхоналарнинг бизнес миссиясини амалга ошириш, бизнес-форум ва В2В учрашувларини ўтказиш, шунингдек, инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун Ўзбекистонга араб инвесторлари ва тўқимачилик компанияларини жалб қилиш имкониятларини ўрганиш ва кейинчалик буюртмаларни жойлаштириш учун ишлаб чиқариш жараёни билан танишиш масалалари муҳокама қилинди.
Музокаралар якунлари бўйича Ўзбекистон томони амалга оширилиши режалаштирилаётган инвестиция лойиҳалари бўйича таклифлар ва бизнес-форумда иштирок этадиган корхоналар рўйхатини юборади.
Аввалроқ, 2022-йил ноябрь ойида Саудия Арабистони Подшоҳлиги элчиси билан учрашувда Неом шаҳрига уй текстили етказиб бериш масаласи муҳокама қилинган эди.




