Ўзбекистон тўқимачилик саноатида маҳсулот ишлаб чиқаришнинг тўла узвийлаштирилган занжири, ўсаётган бозор ва инвестиция дастурлари Германия ва Ўзбекистон ўртасида амалий муносабатларни ривожлантириш учун кенг имкониятлар доирасини тақдим этади.
Дунёда тўқимачилик ва тикувчилик маҳсулотларининг энг тез ўсаётган бозорларидан бири ҳақида Германиянинг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва Мухтор Элчиси, доктор Тило КЛИННЕРга бир қанча саволлар бердик.
– Германия Федерал Президенти Франк-Вальтер Штайнмайер таклифига биноан, жорий йилнинг 2-3 май кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатингизга ташриф буюрди. Ушбу ташриф олий даражада, жумладан, тўқимачилик соҳасида қандай ўзаро фойдали ҳамкорлик уфқларини очди? Ҳозирда мамлакатларимиз бу соҳада қанчалик узвий ҳамкорлик қилмоқда?
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг Германия Федерал Президенти ва Германия Канцлери билан учрашувлари чоғида икки тараф мамлакатлар ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлаб ўтди. Бу ҳамкорлик келгуси йилларда кенгайтириладиган ва Германия ҳукумати томонидан молиялаштириладиган касб-ҳунар таълими ва тўқимачилик бозорларига чиқиш йўналишларидаги лойиҳаларни ўз ичига олади. Бундай давлат ташрифи одатда ишбилармон доираларнинг эътиборини тортади. Айнан шу ҳолатда ҳам Ўзбекистон Президенти Ш. Мирзиёевнинг ташрифи Германия тўқимачилик компанияларини Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ва зарур жиҳозлар савдоси бўйича ҳамкор сифатида тақдим этаётган улкан салоҳиятни янада диққат билан ўрганишга чорлади.
Нафақат пахта етиштириш ва экспорт қилиш, балки хом ашёни пахта даласидан пештахтагача бўлган маҳаллий қайта ишлаш ҳисобига мамлакат иқтисодиётига қўшимча қиймат келтираётган тўқимачилик тармоғи маҳсулот етказиб беришнинг бутун занжирида ижтимоий ва экологик стандартларга риоя қилиш орқали ўз барқарорлигини оширди. Бунга эришиш учун ҳукумат ҳам янги экспорт бозорлари учун сертификатлар олиш мақсадида ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчиларга, ҳам Ўзбекистондан маҳсулотлар харидини осонлаштириш, масалан, логистика ёки халқаро кўргазмаларда иштирок этиш мақсадида халқаро компанияларга қатор имтиёзлар тақдим этди.
Бу каби саъй-ҳаракатлар ва ишланмалар туфайли Ўзбекистон инвестициялар ва савдо имкониятларини рўёбга чиқариш мақсадида янги ҳамкорлар излаётган хорижий компаниялар учун тобора жозибадор бўлиб бормоқда.
– Ўзбекистон тўқимачилик корхоналари ва кийим-кечак брендлари ўзларини фақат арзон маҳсулот ишлаб чиқарувчилари деб билмаяпти, балки сифатли ва барқарор ишлаб чиқариш орқали муваффақиятга эришиш ниятида. Teamdress ва Langheinrich каби муваффақиятли ҳамкорлик муносабатларининг ноёблиги нимада ва улар бунга қандай ҳисса қўшиши мумкин?
– Германия тўқимачилик ва тикувчилик саноати кичик ва ўрта компанияларнинг мавжудлиги билан ажралиб туради. Кўпгина компаниялар оилавий бўлиб, бир қанча авлодлар давомида оилавий мулк бўлиб келган. Teamdress ва Langheinrich ҳам авлодлараро узоқ муддатли фикрлашни ўз дастуриламали қилиб олган ушбу анъанавий компаниялар қаторига киради. Кучли рақобат ҳукм сурадиган тўқимачилик бозорида улар фақат доимий инновациялар ва мослашувчан сиёсат туфайли муваффақиятга эришди.
Ўзбекистон немис ноу-хауларини ўзлаштириш ва сифат стандартларини илгари суриш ҳисобига бундай ҳамкорликдан манфаат кўриши мумкин. Сифатнинг яхшиланиши ҳам Ўзбекистон ички бозори учун маҳсулот ишлаб чиқаришга ижобий таъсир кўрсатмоқда. Европанинг юқори сифатли маҳсулотларга талаби, хоҳ мода, хоҳ иш кийими ёки ускуналар бўлсин, бундай ҳамкорликда ишлайдиган Ўзбекистон компаниялари томонидан яхшироқ қаноатлантирилади. Бу ўз навбатида Ўзбекистон иқтисодиётининг мустақиллиги учун хизмат қилади.
– Германиянинг GIZ халқаро ҳамкорлик агентлиги Ўзбекистонда кўплаб лойиҳаларни, шу жумладан, тўқимачилик ва таълим соҳаларида амалга оширмоқда. Энг кенг қамровли лойиҳа «Ўзбекистон пахта саноатида барқарор ривожланиш ва қўшимча қиймат» бўлиб, у қишлоқ хўжалиги, пахта ва тўқимачилик саноатини, шунингдек, атроф-муҳит ва иқлимни муҳофаза қилишни, ижтимоий ривожланиш ва иқтисодий ўсишни қамраб олади. Бундан ташқари, «Ўзбекистонда касб-ҳунар таълими тизимини ислоҳ этиш ва модернизация қилиш жараёнини қўллаб-қувватлаш» ва «Экспортни рағбатлантириш ва Мода инкубатори (FIT)ни ташкил этиш» лойиҳалари ишлаяпти. Мазкур лойиҳалар қандай афзалликлар яратади ва тўқимачилик соҳасининг ўсишига қандай ёрдам беради?
– Ўзбекистон ҳукумати ва тўқимачилик корхоналари учун бўлажак тўқимачилик мутахассисларини ўқитиш ва қайта тайёрлашга инвестиция киритиш жуда муҳим. Яхши тайёрланган махсус мутахассисларсиз Ўзбекистон тўқимачилик соҳасини янада ривожлантиришни тасаввур қилиб бўлмайди. Биз замонавий тўқимачилик соҳасида жадал ўзгаришлар ва модернизация гувоҳи бўлмоқдамиз, бу катта имкониятлар баробарида муаммолар ҳам яратади. GIZнинг икки таълим лойиҳаси Ўзбекистон ҳукумати ва тўқимачилик саноатига ушбу муаммоларни муваффақиятли ҳал этишга ёрдам бермоқда.
«Ўзбекистон пахта саноатида барқарор ривожланиш ва қўшилган қиймат» лойиҳаси экологик тоза ва ижтимоий адолатли барқарор таъминот занжирини яратишга ёрдам беради. Лойиҳадан кўзланган мақсад – ҳар бир халқаро эксперт Ўзбекистонда бўла туриб маҳаллий мутахассисларни ўқитиши керак, сўнг бу мутахассислар ўз тажрибасини юртдошларига етказади. Лойиҳадан кўзланган бош мақсад – соҳани халқаро миқёсда ривожлантириш ва Ўзбекистондан тўқимачилик маҳсулотларини етказиб беришни режалаётган Европа компаниялари билан алоқа ўрнатиш.
Ўз бизнесига ижодий ёндашувчи иқтидорли ёш дизайнерлар учун бизнес-режаларни ривожлантириш, тўқимачилик соҳасидаги ёш тадбиркорларга ўз ғояларини амалга ошириш ва мустаҳкамлашга имкон берадиган платформани тақдим этиш мақсадида, GIZ Тошкентда Мода инкубатори (FIT)ни ташкил этиш ташаббуси билан чиқди. Ҳозиргача 13 нафар тадбиркор маркетинг, бизнес ва маҳсулотларни яратиш бўйича ўқитилди, суҳбатлар, ташрифлар ва фикр алмашишлар ўтказилди. Уларнинг кўпчилиги аллақачон ўз маҳсулотларини намойиш этмоқда ва маҳаллий мода подиумининг муваффақиятли иштирокчиларига айланди.
– Жорий йилнинг 24-26 май кунлари Тошкент шаҳрида ўтган UzTextileExpo кўргазмасида федерал бюджет ҳисобидан Германия павильони ташкил этилди. Кўргазма немис тўқимачилик компанияларига маҳаллий харидорлар, сотувчилар, бошқа ишбилармон ҳамкорлар билан алоқа ўрнатишда ёрдам бериш борасида қанчалик муваффақиятли бўлди?
– UzTextileExpo кўргазмасида Gesamtmasche компа- нияси томонидан ташкил этилган Германия павильони немис компанияларига Ўзбекистонда илк бор ўз маҳсулотларини намойиш этиш учун майдонча тақдим этди. Немис компанияларининг мақсади етказиб берувчи- ларни излашдан то экспорт ва дистрибьюторлик шерикликни қамраб олди. Улар Ўзбекистоннинг ярмаркада иштирок этаётган кўплаб компаниялари билан алоқа ўрнатиб, ишлаб чиқариш қувватларини кўздан кечирди, Европа Иттифоқига маҳсулотларни экспорт қилиш шартлари билан танишди. Барча компаниялар тез суръатда ўсаётган Ўзбекистон бозори имкониятларини эътироф этиб, келаси йилда яна иштирок этиш истагини билдирди.
Германия павильони 2023 йилдан эътиборан Германия Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш федерал вазирлиги томонидан молиялаштирилган лойиҳани амалга ошираётган Gesamtmasche ва Uztextileprom ўртасидаги GUZ Partners ҳамкорлиги ёрдамида ташкил этилди. Асосий мақсадлар жумласига Ўзбекистон тўқимачилик корхоналари ходимларини мақсадли ўқитиш орқали ишбилармонлик алоқаларини фаоллаштириш ва маҳсулот сифатини ошириш киради. Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси лойиҳани ва Германия павильонини қўллаб-қувватлади: Ўзбекистон ва Германиянинг 100 дан зиёд вакиллари Германия Элчиси Жаноби Олийлари доктор Тило Клиннер, Uztextileprom уюшмаси раиси Илҳом Ҳайдаров, GIZ Tashkentдан Жина Бургард ва Gesamtmasche бошқарувчи директори Сильвия Юнгбауэрнинг матбуот брифингида иштирок этди.
Таъкидлаш жоизки, GUZ Partners лойиҳаси доирасида Ўзбекистон ва Германия компаниялари ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш, ўзбек тўқимачилик соҳаси билан Германия ва Европада ҳамкорлик қилиш имкониятлари тўғрисида маълумотларни етказишга доир турли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Масалан, 2023 йилнинг 28 август куни Штутгарт шаҳрида батафсил бозор маълумотларига қўшимча тарзида B2B алмашувига бағишланган Германия-Ўзбекистон иқтисодий форуми бўлиб ўтди. Делегация сафари доирасида Gesamtmasche корхоналарга бир қанча ташрифлар уюштирди, шунингдек, илмий-тадқиқот ва тўқимачилик таълим муассасалари, Messe Frankfurt ва VDMA машинасозлик ассоциацияси билан муҳокамалар ўтказди. Шунингдек, GUZ Partners минтақадаги DACH тармоғини Ўзбекистон тўқимачилиги ривожланиши ҳақида мунтазам хабардор қилмоқда ва лойиҳа доирасида доимий алоқа имкониятларини таклиф этмоқда (www.guzpartners.org).
GIZ каби иқтисодий ҳамкорлик лойиҳалари кенг танилган, Германия ва бошқа мамлакатларда тармоқларни, шунингдек, тўқимачилик соҳасидаги ҳамкорлик ва бир қанча ташаббусларни таъминламоқда.
– Мавзуни давом эттирсак… Яқинда бош идораси Штутгарт шаҳрида жойлашган «Барқарор пахта уюшмаси» очилди. Мазкур ташкилот олдидаги вазифалар қандай?
– Uztextileprom ва Gesamtmasche ҳамда Mangold Consulting ёрдамида 2023 йил февралида Барқарор пахта ишлаб чиқариш уюшмаси – VNB («Verein für Nachhaltige Baumwolle») ташкил этилди. Уюшма Германия ҳокимият органларида расмий рўйхатдан ўтгандан сўнг ўз ишини бошлайди.
Уюшманинг асосий мақсади – пахта матосидан тикилган маҳсулотлар ва барқарор ривожланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратган ҳолда Германия ва Ўзбекистоннинг тўқимачилик ва тикувчилик бўйича иқтисодий муносабатлари манфаатларини ҳимоя қилишдир. Уюшманинг вазифалари: а) аъзо компанияларга оқилона савдо сиёсати ва ҳалол рақобат билан боғлиқ барча масалаларда ёрдам кўрсатиш; б) фаолият, сифат, мода ва барқарорлик нуқтаи назаридан даромадлилик ва маҳсулот нархини ошириш мақсадида тажриба алмашиш жараёнини ривожлантиришдир.
– Саноатнинг асосий тармоқларига нисбатан айланмаси кичик бўлса-да, тўқимачилик ва тикувчилик соҳаси Германия иқтисодиёти учун ҳамон катта аҳамиятга эга. Германиянинг соҳа ўсиши ва унинг иқтисодиётга таъсири бўйича орттирган тажрибаси ҳақида сўзласангиз…
– Германия дунёдаги энг йирик тўқимачилик ва мода бозорларидан бири, унинг тўқимачилик ва тикувчилик саноати эса истеъмол маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи энг йирик тармоқлардан биридир. Бугунга қадар етакчи халқаро мода брендлари Германияда жойлашган, тўқимачилик саноати эса Германия ва Европада юқори сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқармоқда. Немис тўқимачилик саноати функционал мода маҳсулотлари учун техник тўқимачилик каби илмий сиғимли сегментларга ихтисослашган. Фаолиятнинг муҳим йўналишлари – меҳнат хавфсизлиги, спорт ва саломатликни таъминлайдиган тўқимачилик маҳсулотлари.
– Қабул қилинган махсус GSP+ преференциялари Ўзбекистон маҳсулотларини Европа Иттифоқига божсиз импорт қилишга имкон беради. Бу мамлакатларимиз, шунингдек, Ўзбекистон билан Европа Иттифоқи ўртасидаги маҳсулот айланмасига қандай таъсир қилди?
– Ўзбекистон 2021 йил апрелида GSP+ мақомини олди. Шу тарзда GSP+ доирасидаги маҳсулотларнинг учдан икки қисми учун тарифлар бекор қилинди. Тўқимачилик соҳаси ушбу имтиёзлардан энг кўп фойда кўрди. Шу билан бирга, GSP+ бенефициари мақоми Ўзбекистон барқарор ривожланаётганини тасдиқлайди ва Европа Иттифоқи мамлакат тараққиётини қўллаб-қувватлашини таъкидлайди. 2022 йилда Европа Иттифоқига ип-калава ва тўқимачилик маҳсулотлари экспорти қарийб 160 млн. АҚШ долларига етди, ҳолбуки, 2020 йилда 70 млн. АҚШ долларини ташкил этганди. Бунга кўп жиҳатдан GSP+ ёрдам берди. Бундан ташқари, сўнгги йилларда Ўзбе- кистоннинг турли компаниялари Европа бозори учун зарур сертификатларни олиш, маҳсулот турларини кенгайтириш ва янги мижозлар билан фаол алоқа ўрнатиш ҳамда экспорт ҳажмини ошириш борасида катта ҳаракатларни амалга оширди.
– Ўзбекистоннинг Ипак йўлидаги янги тўқимачилик нуқтаси сифатидаги нуфузи ҳақида нима дея оласиз?
– Ўзбекистонда сўнгги йилларда ип-калавадан тайёр маҳсулотгача бўлган замонавий қайта ишлаш тармоғини яратиш ва кенгайтиришга катта сармоя киритилди. Ўзбекистон дунёда энг йирик пахта ишлаб чиқарувчилардан бири ҳамда анъанавий қайта ишлаш ва савдо маркази бўлиб, бой тўқимачилик меросига эга. Эндиликда йигирув фабрикасининг инновацион қувватлари негизида тўқиш, пардозлаш ва тайёр кийимларни ишлаб чиқаришнинг кейинги босқичларини халқаро миқёсда рақобатбардош сифат даражасига кўтаришдек вазифа турибди. Технологик ва амалий жиҳатларга қўшимча тарзда, бу Европа бозорида муваффақиятга эришиш учун барқарорлик жиҳатларини ҳам ўз ичига олади. Бундан ташқари, глобал пандемиядан сўнг маҳсулот етказиб бериш занжири диверсификацияси кўпгина компаниялар учун устувор вазифага айланмоқда. Ўзбекистоннинг тўқимачилик маҳсулотларининг янги манбаи сифатида юксалиши ва унинг бу соҳада барқарорлигини мустаҳкамлашга, хусусан, органик пахта етиштиришни жадал кенгайтиришга қаратилган амалий саъй-ҳаракатлар мамлакатингизни нафақат немис, балки дунё компаниялари учун жозибадор бозорга айлантирмоқда.
uzts.uz веб-сайтидаги маълумотларни кўпайтириш, нусхалаш, тиражлаш, тарқатиш ва бошқа тарзда фойдаланиш фақат уюшма веб-сайтига ҳавола орқали амалга оширилиши мумкин




