Ўзбекистон ва Германия давлатлари орасидаги кўп қиррали ҳамкорлик ривожланиб боришига амин бўлишимиз мумкин.
Аввал хабар қилингандек, Ўзбекистонга ташриф буюрган Gesamtmasche Германия трикотаж ишлаб чиқарувчилар конфедерацияси, Sequa GmbH ва InfoAid вакилларидан иборат Германия делегацияси “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси раҳбарияти билан учрашув ва уюшма ходимлари учун семинар ўтказгандан сўнг, 14 февраль куни Фарғона вилоятига жўнаб кетишди.
Фарғона вилоятида делегация “KOICA” касбга ўргатиш маркази ва “Ишга марҳамат” мономаркази фаолияти билан танишиб, Савдо-саноат палатаси Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси раҳбарияти билан учрашувларда ҳамкорликни янада ривожлантириш истиқболлари ва Фарғона вилояти пахта саноатининг Германия ва Европа бозорларига чиқиш имкониятларини кенгайтириш, минтақага тўғридан-тўғри хорижий сармояларни жалб этиш масалалари муҳокама қилди.
Шунингдек, вилоят ҳокими билан тўқимачилик соҳасида фаолият олиб бораётган ишчи-ходимларнинг малакасини ошириш, уларга замонавий технологиялар билан ишлаш борасида кўникмалар бериш ҳамда Фарғона пахта-тўқимачилик саноати маҳсулотларини Германия, шу билан бирга Европа бозорларига экспорт қилиш имкониятларини кенгайтириш ҳисобига икки томонлама ҳамкорлик кўламини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Ўз навбатида, германиялик меҳмонлар тўқимачилик соҳасида замонавий технологиялар билан ишлай оладиган ишчи-мутахассисларни ўқитиш, қайта тайёрлаш бўйича ҳамкорликда ишлаб чиқилган лойиҳа тасдиқланиб ижросига киришилса, у биринчи бўлиб Фарғона вилоятида ҳаётга тадбиқ этилишини таъкидлади.
Мулоқотда текстиль соҳаси ривожига ҳисса қўшиши кутилаётган мазкур лойиҳа Ўзбекистон-Германия ўртасида яна бир йўналишда ҳамкорликни кенгайтиришда ғоятда аҳамиятли эканлиги қайд этилди.




