2022-йил ноябрь ойида Ўзбекистонда BCI дастури расмий ишга тушди. Дастур пахтачилик соҳасида мажбурий меҳнат амалиёти хавфини бартараф этиш учун бозор имтиёзлари билан барқарор пахта етиштириш стандартлари тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш орқали республикада пахта етиштириш амалиётини такомиллаштиришга қаратилган.
Бу борада, 27 март – 7 апрель кунлари Челси Рейнхардт бошчилигидаги BCI дастури делегацияси ташриф давомида Ўзбекистон Республикаси касаба уюшмалари Федерацияси, IFC ҳамда Control Union вакиллари билан учрашувлар ўтказиб, BCI дастури томонидан 2022-2023 йиллардаги пахта мавсумида лицензиялашни баҳолаш ва муносиб меҳнат шароитларини мониторинг қилиш натижаларини муҳокама қилдилар. Шунингдек, делегация мониторинг ўтказиш мақсадида BCI дастури доирасида 6 та пилот пахта-тўқимачилик кластерларига ташриф буюрди.
Шу билан бирга, 2023 йил 3 апрель куни “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасида унинг раҳбарияти билан учрашувда 2022 йилги баҳолаш натижалари ва келажакда ҳамкорлик қилиш ва Ўзбекистонда BCI дастурини ривожлантиришнинг асосий устувор йўналишлари муҳокама қилинди. BCI стандартлари ва сифатни таъминлаш бўйича директори Челси Рейнхардт Better Cotton V2.0 стандартининг янгиланишини ва агрономик қисмда сезиларли ютуқларга эришишини, шунингдек суғориш тизимларининг самарадорлигини маълум қилди, аммо кластерлар ўз-ўзини баҳолашнинг шаффофлиги ва ҳаққонийлигини ошириш бўйича ишлаш зарурлигини қўшимча қилди (self-assessment).
Бундан ташқари, Челси Рейнхардт ХМТ билан биргаликда кластерлар салоҳиятини ошириш (capacity – building), Ўзбекистонда янги текшириш қувватларини яратиш (building new verifying capacity) ва муносиб иш мониторингини диверсификация қилиш режаларини тақдим этди.
Учрашув якунида томонлар 2023 йил май ойида таъминот занжири бўйича Better Cotton вебинарида иштирок этишга келишиб олдилар.




