Better Cotton компанияси Ўзбекистондаги асосий манфаатдор томонлар билан мамлакатнинг пахтачилик соҳасини янада яхшилаш мақсадида Барқарор ривожланиш йўли харитасини ишлаб чиқди ва имзолади. Бу ҳақда Tashkent Textile Week ва «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмасининг ахборот ҳамкори Fibre2Fashion веб-сайтида Better Cotton нашрига таяниб, хабар берди.
Аввал хабар қилинганидек, ҳужжат Тошкент тўқимачилик ҳафталиги доирасида имзоланган бўлиб, унда #Better Cotton дастурининг катта менежери Рейчел Беккет бизнес, ҳукумат, фуқаролик жамияти, халқаро ташкилотлар ва таълим муассасалари вакилларини ўз ичига олган 600 дан ортиқ делегатларга йўл харитасини тақдим этди.
Ушбу ҳужжат тўқимачилик саноатини ривожлантиришга қандай ёрдам беради?
Қайд этилганки, “Йўл харитаси” тўртта асосий мақсад бўйича эришилган муваффақиятларни ўлчаш имконини берувчи батафсил ҳаракат режасидир.
Мақсадлар қуйидагилардан иборат:
1) Барқарорлик асослари ҳақида мамлакатдаги пахтачилик соҳаси вакиллари хабардорлигини ошириш;
2) Муносиб меҳнат, хавфсиз ва соғлом меҳнат шароитларини, иш берувчи-ходим муносабатларини самарали бошқариш, самарали ижтимоий мулоқотни таъминлайдиган самарали меҳнат тизимларини йўлга қўйиш орқали пахтачилик соҳаси ходимларининг меҳнат ҳуқуқларини рағбатлантириш;
3) Асосий манфаатдор томонларнинг пахта етиштиришнинг экологик барқарорлиги билан боғлиқ илғор тажрибалар ва уларни маҳаллий даражада қандай баҳолаш мумкинлиги ҳақида хабардорлигини ошириш;
4) Better Cotton дастури қандай бошқарилишини, молиялаштирилишини ва кенгайтирилишини белгиловчи уч йиллик стратегияни ишлаб чиқиш.
Шунингдек, бу ҳақда, Ҳиндистоннинг “Apparel Resources” нашрида, Буюк Британиянинг “Just Style” ва “EcoTextile News” журналларининг вебсайтларида кенг ёритилди.




