BCI – халқаро нотижорат ташкилот бўлиб, пахта етиштириш амалиётини такомиллаштириш, жумладан, пахта етиштиришнинг атроф муҳитга ва инсонларга таъсирини камайтиришга қаратилган. H&M, Leviʼs, Adidas, Nike ва бошқа шу каби кўплаб таниқли кийим брендлари трикотаж ва бошқа маҳсулотларида BCI дастури бўйича етиштирилган пахта хомашёсидан кенг фойдаланишади.
«Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмасида бўлиб ўтган учрашувда BCI нинг янги тайинланган стартапларни қўллаб-қувватлаш дастури менежери Речл Беккет ва Ўзбекистон учун мутахассиси Маҳмуд Қодиржоновлар билан айнан пахтани BCI стандартлари бўйича сертификатлашни кенг йўлга қўйиш ва BCI ни Ўзбекистонга расмий кириши масалалари муҳокама қилинди.
Маълумки Cotton Campaign томонидан ўзбек пахтасига нисбатан бойкот бекор қилингандан буён халқаро ташкилотлар ва шу жумладан, кийим брендларининг Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилишга қизиқиши ортиши табиий. Дунё тўқимачилик бозорида айнан экологик тоза маҳсулотга бўлган талаб ошиб бораётганини ҳисобга олинса BCI стандартлари етиштирилган пахта ва ундан ишлаб чиқарилган трикотаж маҳсулотларни экспортини ошириш муҳимдир.
BCI менежерининг сўзларига кўра – Ўзбекистоннинг ютуқларидан бири айнан пахта ресурси давлат ичида мавжудлиги ва тайёр маҳсулотгача бўлган барча жараённи қамраб олишидадир. Чунки BCI стандартларига кўра пахта даласидан то маркетинггача бўлган жараённи мониторинг қилиш ўзбек тўқимачилик корхоналарида осон кечади.
Айни дамда 6 та пахта-тўқимачилик кластерлари GIZ нинг «Барқарор пахта» глобал дастурига киритилган ва улар BCI стандартларига кўра пахта етиштириш бўйича иш олиб борилмоқда. Жумладан, 2021 йил давомида Уюшма билан ҳамкорликда GIZ ва BCI томонидан фермерлар ва корхона менежерларига тренинглар ўтказилди. Натижада эса 2022 йилда 3 та кластерга BCI стандарти асосида пахта ишлаб чиқарувчиси расмий мақоми берилиши мумкин.
Учрашув якунлари бўйича томонлар ҳамкорликни янада жадаллаштириш ва ушбу жараёнга барча пахта-тўқимачилик кластерларини жалб қилиш бўйича ишлар олиб борилишига келишиб олишди.



