Вирусга қарши ҳимояловчи инновацион комбинезонлар ҳақида хабар ОАВларида ёритилгандан сўнг Уюшмага кўплаб ушбу комбинезонларни сотиб олиш истагида бўлган юртдошларимиз мурожаат қилишмоқда. Асосан ушбу маҳсулотни оддий аҳоли қаердан сотиб олиш мумкинлиги, нархи ва хусусиятлари ҳақида сўровлар келиб тушди.
“Cotton Road” қўшма корхонаси вакили Тўлқин Ахмадалиев бу саволга ойдинлик киритди.
– Айтингчи, матони кумуш билан сингдириш орқали вирус ва бактерияларга курашувчанлигини ошириш технологияси анчадан бери маълум. Сизлар томонингиздан ишлаб чиқилган комбинезонлар қандай афзалликларга эга?
– Корхонамиз томонидан тақдим этилган ушбу комбинезонлар Швейцария ва Германия тадқиқотчилари томонидан яратилган Viroblock технологияси асосида ишлаб чиқарилган. Бу технология ҳозирча дунёда уникал ҳисобланиб, махсус келишув орқали фақатгина Ўзбекистонда ишлаб чиқариш учун олинган. Комбинезонларнинг афзаллиги шундаки, айнан ўзимизда ишлаб чиқарилган пахта матосини кумуш зарралари билан тўйинтириб ионлаштирилган моддага сингдирилиб, мато устки қатлами вирусларни зарарсизлантирувчи воситалар билан қопланади. Пахта матоси яхши ҳаво ўтказувчи ҳисобланганлиги учун у ҳеч қандай ноқулайлик туғдирмайди. Бундан ташқари комбинезонларни 15 маротабагача ишлатиш мумкин.
– Ҳозирда кунлик ишлаб чиқариш ҳажми қанча ва кимларга етказиб берилмоқда?
Бизнинг асосий фаолиятимиз уй текстили маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўлиб, экспорт қилувчи корхона ҳисобланамиз. Комбинезонлар эса фақатгина ички бозорга – яъни халқимиз, шифокорларимиз учун ишлаб чиқарилмоқда. Ойлик ишлаб чиқариш ҳажми 10 000 донани ташкил қилмоқда ва ҳозирда ишлаб чиқаришни кенгайтириш устида иш олиб бормоқдамиз. Биз аввало бу комбинезонларни COVID-19 билан зарарланган беморларни даволовчи касалхоналарга, банк ва корхона ишчиларига буюртма асосида етказиб бермоқдамиз.
– Ушбу маҳсулотларни экспортга йўналтириш режаси борми?
– Таъкидлаганимдек, ушбу комбинезонлар аҳоли эҳтиёжини қондириш учун ва зарарланиш ҳолатларини камайтириш мақсадида ишлаб чиқарилмоқда.
Буюртма бериш масаласи бўйича қўйидаги телефон рақамр орқали мурожаат қилишингиз мумкин: + 99890 371-16-30



