Давлат ва хўжалик бошқарув органлари фаолияти самарадорлиги, аввало, қабул қилинаётган қарор ва топшириқларнинг ўз вақтида, сифатли ва масъулият билан бажарилишига боғлиқ. Шу маънода, ижро интизоми – давлат бошқаруви тизимининг юраги ҳисобланади. Ҳар қандай сиёсий, иқтисодий ёки ижтимоий ислоҳотлар амалда қай даражада ҳаётга татбиқ этилиши — айнан ижро интизомига бевосита боғлиқ. Маъсул ходимнинг шахсий интизоми, топшириқларга бўлган муносабати, назорат механизмларининг самарадорлиги – барчаси умумий натижага таъсир кўрсатади. Шу боис, бугунги кунда ижро интизомини мустаҳкамлаш – ислоҳотларнинг тўлиқ амалга ошиши учун зарур шартлардан бири сифатида қаралмоқда.
“Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасида Ўзбекистон Республикасининг Қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонлари, Қарорлари, Фармойишлари ва топшириқлари ҳамда Ҳукумат томонидан берилаётган барча топшириқлар ижросини таъминлаш юзасидан Уюшма томонидан барча зарурий ишлар амалга ошириб келинмоқда. “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасида ҳужжатлар билан ишлаш ва ижро интизомини мустаҳкамлаш масалалари Ўзбекистон Республикасининг хўжалик бошқарувидаги асосий йўналишлардан биридир.
Ҳужжатларнинг тўғри тайёрланиши, вақтида ижро этилиши ва назорати Уюшма тизимдаги барча ташкилотларнинг фаолиятини самарали ташкил этишда муҳим аҳамиятга эга. Бу масалаларнинг ҳал этилиши хўжалик бошқарув органларининг иш самарадорлигини ошириш, ижтимоий-иқтисодий ривожланишнинг юксак даражага олиб чиқишига хизмат қилади.
2021 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланган “Ijro.gov.uz” электрон тизими давлат ва хўжалик бошқаруви тизимида самарали восита сифатида ишлаб чиқилди. “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмасида ушбу тизимдан самарали фойдаланиш учун бир қатор чоралар кўрилди.
Шунингдек, жорий йилнинг 25 июл санасида қабул қилинган “Давлат органлари ва ташкилотларда ижро интизомини янада мустаҳкамлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-117-сонли Фармони ижро интизоми самарадорлиги ва натижадорлигини амалга оширишда муҳим қадам бўлди. “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси томонидан 2024 йил якунлари билан жами 177 та Президент топшириқлари ижроси таъминланган бўлса, 2025 йилнинг якунига қадар 186 та топшириқнинг ижроси таъминланиши зарур. 2025 йилнинг ўтган биринчи ярим йиллигида жами 74 та топшириқ ижроси таъминланди. Топшириқлар ижросини таъминлашда энг аввало, уларнинг натижадорлигига эътибор қаратиш алоҳида аҳамият касб этмоқда. Бунда ижрога барвақт киришмаслик, тасдиқланган назорат режалари, йўл хариталаридаги муддатлар билан тизимли равишда ишларни ташкил қилмаслик, фақатгина ижро муддати яқин бўлган топшириқлар билан ишлаш каби салбий иллатларни кескин ва манзилли бартараф этиш чоралари кўрилмоқда.
Давлат раҳбари ва ҳукумат томонидан белгиланган вазифа ва топшириқ ижросини ташкил этиш натижасида, жорий йил I ярим йиллигида қуйидаги мақсадли кўрсаткичларга эришилди. Жумладан:
Саноат – Тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 67,1 трлн сўмга етказилиши таъминланди (ўсиш 110,7 фоиз). 470 минг тонна ип калава(101%), 673 млн кв м газлама(109%), 178 минг тонна мато (111%), 261 млн жуфт пайпоқ (105%) ва 1,7 млрд дона тикув-трикотаж махсулотлари (115%) ишлаб чиқарилди. Шу жумладан, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси аъзо корхоналари томонидан саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 23 трлн сўмни ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш суръати 107,8 фоизни ташкил этди. Ип калава маҳаллий корхоналар томонидан 64,5 фоизи қайта ишланиши ҳисобига умумий ишлаб чиқаришда қўшилган қийматли маҳсулотлар улуши 58 фоизга етказилди. Ҳудудий инвестиция дастури доирасида умумий қиймати 146,2 млн долларлик 11 та лойиҳа фойдаланишига топширилиши натижасида 3 мингта янги иш ўринлари яратилди. Экспорт – Тўқимачилик соҳасида 1-ярим йилликда 1 241,8 млн долларлик тўқимачилик маҳсулотлари экспорт қилинди (режага нисбатан 88,5%, ўсиш 83,0%). Экспорт номеклатурасида тайёр тикув-трикотаж маҳсулотлар улуши 50% га етказилиб, 617,9 млн долларни ташкил этди (ўтган йил мос даврига нисбатан ўсиш 108 фоиз). Молия – давлат бюджетига 1,5 трлн сўмлик тўловлар амалга оширилди. 2025 йилда йирик тўқимачилик ва тикув-трикотаж корхоналарида маҳсулотлар ишлаб чиқариш таннархини 8,3 фоизга пасайтириш режалаштирилган. Жорий йилнинг январь-июнь ойлари якунига кўра 312,5 млрд сўмга таннарх пасайтирилди.
Бир сўз билан айтганда, мамлакат иқтисодиётининг етакчи драйвери ҳисобланган тўқимачилик саноати тез ва жадаллик билан ривожланиш босқичидан боряпти. Бу, ўз навбатида, тўқимачилик махсулотлари экспортини амалга ошириш, соҳага янги инвестиция лойиҳаларини жорий этиш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш, янги иш жойлари яратиш ва миллий маҳсулотларимизнинг халқаро бозорларда рақобатбардош бўлишида кенг имкониятлар эшигини очмоқда.
Қосим Қорақулов
Ижро назорати ва мурожаалар бўлими бошлиғи




