«Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмасининг Тўқимачилик саноати халқаро федерациясига (ITMF) аъзо бўлиши Ўзбекистон тўқимачилик соҳасига бу ташкилотга қарийб 10 йиллик аъзолик даврида катта муваффақиятларга эришишга имкон берди. Шу хусусда журналимизга интервью чоғида ITMF Бош директори Кристиан ШИНДЛЕР сўз юритади.
– «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси 2014 йилдан буён ITMF аъзоси ҳисобланади. 2024 йил ҳам яқинлашиб қолди. Фикрингизча, ITMF га аъзоликнинг шу даврида миллий тўқимачилик саноатида Ўзбекистонни Марказий Осиё тўқимачилик соҳаси етакчисига айлантирган қандай туб ўзгаришлар юз берди?
– Ўзбекистон тўқимачилик ишлаб чиқариш-сотиш занжири билан юз берган ўзгаришлар улкан. Ўзбекистон жуда қисқа вақт ичида барча етиштирилаётган пахта хомашёси экспортчисидан эндиликда деярли барча пахтасидан фойдаланадиган мамлакатга айланди. Келгусида Ўзбекистон пахта импорт қилувчи мамлакатга айланса ажаб эмас.
– Кейинги йил ITMF ташкил топганининг 120 йиллиги нишонланади, Ўзбекистон тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати эса тармоқ сифатида бир асрлик бўсағадан ўтди. Бу саноат бугунги глобал стратегия, мезон ва стандартларга қай даражада мос келади?
– Ҳа, 2024 йилда ITMF нинг 120 йиллик юбилейи ўтади. Айтиш жоизки, ITMF 1904 йилда ташкил топгандан буён жаҳон тўқимачилик ва тикувчилик саноати туб ўзгаришларнинг мураккаб йўлини босиб ўтди. Федерацияга асос солинган вақтда пахта асосий тола ҳисобланган. 1930-йилларда сунъий толалар, айниқса, полиэстер пайдо бўлгач, жаҳон тўқимачилик саноати ҳам ишлаб чиқарилаётган маҳсулот турлари, ҳам ҳажмлари бўйича кенгайди. Ҳозирга келиб полиэстер, айниқса, полиэфир ип катта шуҳрат қозонди. Шунга қарамай, калта пахта толаларни олишда пахта энг муҳим хомашёлигича қолмоқда. Ўзбекистон тўқимачилик ишлаб чиқариш-сотиш занжири ёрдамида асосан пахта асосида тайёрланган маҳсулотлар етказиб берилмоқда. Бутун дунё бўйлаб мижозларга маҳсулотнинг янада кенг турларини таклиф этиш мақсадида Ўзбекистон тўқимачилик ишлаб чиқариш-сотиш занжири янги ускуналар ва жараёнларга инвестиция киритмоқда. Бугуннинг ўзида ўзбек тўқимачилик саноати унга бутун дунёдаги бренд ва чакана сотувчиларга маҳсулот етказиб беришга имкон яратган энг юқори мезон ва стандартларга мос келмоқда.
Ўзбекистон тўқимачилик саноатининг вазифаси – ўз имкониятлари ва салоҳиятини ошириш, ҳамкорлар ва буюртмачилар ишончини қозониш, барқарор иқтисодий кўрсаткичларга эришишдир.
– Сўнгги беш йилда Ўзбекистон тўқимачилик саноати яхши тарафга сезиларли ўзгарди. ILO, UNECE, IFC, BCI, Жаҳон банки каби кўплаб номдор халқаро ташкилотлар Ўзбекистонда фаол сиёсат юритишга киришганини кузатиб турибмиз. Ўзбекистон тўқимачилик маҳсулотлари билан юз берган бу ўзгаришлар халқаро бозорда қандай қабул қилинмоқда, уларнинг тўқимачилик маҳсулотлари халқаро савдосига таъсири қандай?
– Жуда қисқа вақт ичида Ўзбекистон тўқимачилик саноати халқаро миқёсда рақобатбардош ишлаб чиқарувчи ва мақбул етказиб берувчига айланди. Бу ишлар нуфузли халқаро ҳукумат ташкилотлари билан ҳамкорлик туфайли амалга ошди. Энди Ўзбекистон эътироф этилган етказиб берувчи бўлиб, ўз тўқимачилик маҳсулотларини бутун дунёдаги харидорларга, айниқса, халқаро бренд ва ритейлерларга етказиб бериши мумкин. Шундай тақдим этилган шароитлар ва ҳамкорликсиз муваффақиятга эришиб бўлмасди.
– Ўзбекистон тўқимачилик тармоғи глобал маҳсулотлар етказиб бериш занжирига қўшилиб, мустаҳкам ўрин эгаллаши учун қандай вазифаларни ҳал этиш керак?
– Ўзбекистон тўқимачилик саноатининг асосий вазифалари – маҳсулот турларини диверсификация қилишдир. Бу эса сунъий толаларни киритиш ҳисобига толалардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришни англатади. Аралаш матолар яхшироқ хусусиятлар ва функционал имкониятларга эга, бинобарин, нархга катта устамага эга. Яна бир муаммо янги мижозларни жалб этиш ва янги бозорларни ўзлаштиришдан иборат. Жаҳон тўқимачилик ва кийим-кечак бозори яқин йилларда ўсиб бораверади, бу эса дунё аҳолиси кўпайиши ва аҳоли жон бошига даромад ўсиши билан боғлиқ. Бу эса Ўзбекистон каби мамлакатларга тўқимачилик маҳсулотларини етказиб бериш бўйича глобал занжирларнинг ажралмас қисмига айланиш учун кўплаб имкониятлар тақдим этади.
– Фикрингизча, Ўзбекистоннинг етакчи тўқимачилик мамлакатларидан бири сифатида ривожланишининг келгуси жараёнлари қандай кечади?
– Ўзбекистон жаҳон тўқимачилик саноатида муҳим иштирокчига айланиш учун барча зарур шароитларга эга. Мақсад – Ўзбекистонни халқаро бренд ва ритейлерлар талабини қаноатлантирадиган сифатли тўқимачилик маҳсулотлари етказиб берувчисига айлантириш, маҳсулотларни тез етказиб беришни, қайта тикланувчи, экологик тоза энергия истеъмолига эга барқарор ишлаб чиқаришни таъминлаш, бунда қайта ишланган толалардан фойдаланишдир. Яна бошқа кўплаб вазифалар ҳам борки, уларни барча манфаатдор тарафлар билан яқин ҳамкорлик орқалигина ҳал этиш мумкин.
– Қизиқарли суҳбатингиз учун раҳмат.



