Мустақиллигимизнинг 29 йиллиги байрами арафасида 6 та тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати корхоналари фойдаланишга топширилиши натижасида 2700 дан ортиқ янги иш ўринлари яратилди.
Бугунги кунда республиканинг деярли барча ҳудудларида тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг янги қувватлари яратилмоқда.
Ушбу ташкил этилаётган корхоналар Мустақиллигимизнинг 29 йиллиги байрами арафасида ишга туширилиши юртдошларимиз учун байрам туҳфаларидан бири бўлди.
Жумладан, Қорақалпоғистон Республикасининг Элликқала туманида «Бустон Оптимал текстиль» МЧЖ томонидан ип калава, бўялган ип калава ва момиқ мато ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилди. Ушбу корхона жаҳондаги етакчи ишлаб чиқарувчилардан бири бўлган Бельгия давлатининг “Picanol” компаниясидан келтирилган замонавий тўқув дастгоҳлари ҳамда Европа давлатларида ишлаб чиқарилган замонавий дастгоҳлар билан жиҳозланди ҳамда 300 дан ортиқ янги иш ўринлари ташкил этилди.
Бундан ташқари, республикамизнинг тўқимачилик саноати кам ривожланган туманларида бугунги кунда янги корхоналар ташкил этилиб, фойдаланишга топширилди.
Булар, Андижон вилоятининг Хўжаобод туманида «Мустаҳкам текстиль», Балиқчи туманида «Скортон текстиль», Олтинкўл туманида «Яхши ният текстиль», Навоий вилоятининг Кармана туманида «Бетлис Маданият» ҳамдаХоразм вилоятининг Урганч шаҳридаги «Оқ олтин мега текстиль» корхоналаридир.
Хусусан, Андижон вилояти Хўжаобод туманининг чекка қишлоғида жойлашган «Мустаҳкам текстиль» корхонаси томонидан тайёр трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи йирик корхона иш бошлади. Лойиҳа қиймати 3 млн. долларни ташкил этган ушбу корхона йилига 5,2 млн. дона маҳсулот ишлаб чиқаради. Корхонада 1000 нафар маҳаллий йигит-қизлар иш билан таъминланди.
Ушбу лойиҳалар аввало ҳудудларда етиштирилаётган пахта толасини ўша ернинг ўзида тўлиқ қайта ишлаб, юқори қўшилган қийматга эга маҳсулот ишлаб чиқаришни ҳамда ҳудуд аҳолисининг реал даромадларини ҳамда экспорт салоҳиятини оширилишини назарда тутади.



