24 февраль куни Камолиддин Беҳзод номидаги Миллий рассомлик ва дизайн институтида “Нафосат” фестивали доирасида ёш дизайнерлар ва соҳа мутахассислари иштирокида давра суҳбати ўтказилди.
Аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида кийиниш маданияти тарғиботини ташкил этишга қаратилган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати аъзолари, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси мутахассислари, институт профессор-ўқитувчилари, талабалар, соҳа мутахассислари ва ёш дизайнерлар сўзга чиқди.
Тадбир аввалида институт профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшлар томонидан «Тасвирий санъатда ўзбек аёли тимсоли» мавзусидаги ижодий ишлар кўргазмаси ташкил этилди.
Тадбир давомида «Замонавий бош кийим санъати», «Замонавий ўзбек аёли образи», «Ижодкор аёл», «Талаба қиз» каби мавзулардаги тақдимотларда кийиниш маданияти, унинг бугунги ҳаётимизда тутган ўрни, ёшлар орасида урфга кираётган кийимлар, талабаларнинг таълим олиш учун қулай ҳамда ёшига мос бўлган кийимларни кийишлари, бунинг афзалликлари ҳақида сўз юритилди.
Шу билан бирга, тадбир доирасида «Нафосат – 2021» фестивали номинациялари бўйича модалар намойиши ташкил этилди. Мазкур намойишдан ўзбек миллий либослари билан бир қаторда, бугунги кунда ўқиш ва ишда кийиш мумкин бўлган қулай ва бежирим либослар ўрин олди.
Давра суҳбати иштирокчилари ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутахассислардан батафсил жавоб олди.







