Юртимизда эпидемиологик вазиятни жиловлаш, аҳоли саломатлигини ҳар томонлама ҳимоя қилиш учун давлатимиз Раҳбари бошчилигида барча зарур чоралар кўрилмоқда.
Энг аввало, ёрдамга муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлаш — яъни қаровчиси йўқ қариялар, ногиронлар, кам даромадли оилалар, беморлар ҳолидан хабар олиш, уларга ушбу қийин кунлардан эсон-омон чиқиб олишига кўмаклашиш мақсадида турли тадбирлар амалга оширилмоқда.
Президентимиз томонидан иқтисодиётни, тадбиркорларни, эндигина оёққа тураётган, қишлоқ жойларида минглаб ишчи кучини яратишга ҳиссасини қўшаётган пахта-тўқимачилик кластерлари ва корхоналарини қўллаб-қувватлаш учун алоҳида Президент Фармонига ҳам қўл қўйилгани соҳага бўлган юксак эътибордан далолат.
Президентимизнинг бутун халқимизга қилган мурожаатларига жавобан тўқимачилик корхоналарининг саховатпеша раҳбарлари томонидан эзгу ишларга қўл урилди, жумладан, ниқоблар етишмовчилигини олдини олиш мақсадида ҳимоя воситаларини ишлаб чиқариш бошланди, юртдошларимизга беғараз ёрдам сифатида ҳимоя воситалари тарқатилди, бу акциялар республикамизнинг турли вилоятларида амалга оширилди.
“Бахт текстиль“ компаниялар гуруҳи ҳам ушбу хайрли ишларга ўз ҳиссасини қўшиш мақсадида куни кеча Тошкент шаҳрининг Чилонзор ва Яккасарой туманларида истиқомат қилувчи ногиронлар, қаровчиси йўқ қариялар, кўп фарзандли оилалар рўйхати тузилиб уларга бирламчи озиқ-овқат маҳсулотлари, гигиеник ва ҳимоя воситларидан иборат маҳсулотлар тўплами тарқатилди.
Гуруҳ таркибига кирувчи “Biznes Aziya” МЧЖ томонидан ҳозирда, қиймати 200 минг сўмни ташкил этган тўпламлар 200 дан ортиқ оилаларга тарқатилди ва шу ой мобайнида яна 200 та оилага етказилиши кўзда тутилган.

– Биз аввало бу ишларни ҳеч қандай қистовларсиз, юрагимиздан инсонларга ёрдам бериш ва оғир дамларда қўллаш мақсадида амалга оширдик. Шу сабабдан, фақат ички рўйхат орқали иш юритдик. Агар карантин чўзиладиган бўлса, бу ишларни яна давом эттирамиз“ — дейди корхона вакили.
Эзгу ишларга қўл уриб, халқимиздан беғараз ёрдамини аямаётган тадбиркорларимизга, шу жумладан, “Бахт текстиль“ раҳбариятига “Ўзтўқимачиликсаноат“ уюшмаси томонидан ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.



