Сирдарё вилоятида сув тошқини оқибатида талофат кўрган туманларда янги тўқимачилик саноати корхоналари иш бошлаш арафасида. Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида йирик тўқимачилик ва тикув-трикотаж лойиҳаларини фойдаланишга топшириш орқали мазкур ҳудуд аҳолисини янада қўллаб-қувватлаш, уларни доимий иш билан бандлигини таъминлашга ҳамда ҳудуд аҳолисининг реал даромадларини оширилишига имкон беради.
Хусусан, Сардоба туманида “Sardoba Oqsaroy Tekstil” МЧЖ томонидан лойиҳа қиймати 5,0 млн.доллар бўлган, йилига 1,4 млн. дона тайёр тикув-трикотаж маҳсулотлари ва 900 тонна трикотаж мато ишлаб чиқариш қувватлари яратилиши ҳисобига 1-босқичда 500 та ҳамда 2-босқичда яна 500 та янги иш ўринлари яратилиши режалаштирилган.
Шунингдек, Мирзаобод туманида “Orchid beauty” МЧЖ томонидан лойиҳа қиймати 6,4 млн.доллар бўлган, йилига 0,9 минг тонна трикотаж мато, 2,4 минг тонна матони бўяш ва гул босиш, 1,4 млн.дона трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши ҳисобига 1-босқичда 350 та, 2-босқичда 650 та янги иш ўринлари ташкил этилиши мўлжалланган.
Оқолтин туманида “Оқолтин мега текстил” МЧЖ томонидан лойиҳа қиймати 6,5 млн.доллар бўлган йилига 2,6 млн. дона тайёр тикув-трикотаж ва джинс маҳсулотлари ишлаб чиқариш қувватлари яратилиши ҳисобига 800 та янги иш ўринлари ташкил этилиши таъминланади.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, пандемия билан боғлиқ вазиятга қарамай тикув-трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқаришга мўлжалланган ушбу лойиҳалар қисқа муддатларда, яъни 3 ой давомида қуриб битказилиши таъминланди.
Бугунги кунда мазкур объектларда пардозлаш-таъмирлаш ишлари, дастгоҳларни келтириш ва ўрнатиш ишлари якунига етказилмоқда ҳамда лойиҳаларни жорий йил сентябрь ойида ишга туширилиши режалаштирилмоқда.
Ушбу лойиҳалар тўлиқ ишга туширилиши натижасида мазкур ҳудудларда 2800 дан ортиқ янги доимий иш ўринлари яратилади, шундан 70 фоизини маҳаллий ёшлар ташкил этади.
Ишлаб чиқарилган маҳсулотларнинг бир қисми ички бозор талабларини қондирса, 80% экспортга йўналтирилади. Мазкур ҳудудда экспорт салоҳияти 15,0 млн. долларга қўшимча равишда оширилади ҳамда маҳаллий аҳоли доимий иш ўрнига эга бўлади.







