2026 йил 6–9 июль кунлари Россия Федерациясининг Екатеринбург шаҳрида бўлиб ўтаётган INNOPROM–2026 халқаро саноат кўргазмаси доирасида “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси делегацияси хорижий ҳамкорлар билан қатор муҳим учрашув ва музокаралар ўтказмоқда. Кўргазма доирасидаги учрашувларда тўқимачилик саноатини модернизация қилиш, экспорт географиясини кенгайтириш, малакали кадрлар тайёрлаш ҳамда халқаро инвестицияларни жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
🔷 Хусусан, Ингушетия Республикаси Саноат вазири Татриев Магомет Николаевич билан ўтказилган музокараларда икки ҳудуд ўртасида малакали мутахассислар алмашинуви, қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди.
🔷 Шунингдек, “Техмаш Холдинг” компанияси директори Калинин Владимир Михайлович билан Ўзбекистон тўқимачилик корхоналаридаги тўқув ускуналарини модернизация қилиш, ишлаб чиқариш жараёнларига замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда техник ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди.
🔷 Музокаралар давомида Россиянинг йирик электрон савдо платформаларидан бири — Sima-Land.ru раҳбарияти билан ўзбек тўқимачилик маҳсулотларини платформа орқали Россия бозорига кенгроқ олиб чиқиш, савдо ҳажмини ошириш ва янги дистрибьюторлик йўналишларини йўлга қўйиш масалалари кўриб чиқилди.
🔷 Бундан ташқари, Тюмень вилояти Енгил саноат қўмитаси вакиллари билан икки томонлама савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, ҳудудлар ўртасида саноат кооперациясини ривожлантириш ҳамда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболлари юзасидан музокаралар олиб борилди.
🔷 Яна бир муҳим учрашув Sber India компанияси вакили Praveen Chaudhary билан бўлиб ўтди. Унда Ҳиндистоннинг йирик тўқимачилик компанияларини Ўзбекистонга жалб этиш, мамлакатимизда уларнинг филиалларини ташкил этиш, қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва ишлаб чиқариш кооперациясини ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
🔷 INNOPROM–2026 доирасида ўтказилаётган мазкур учрашув ва музокаралар Ўзбекистон тўқимачилик саноатининг халқаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш, илғор технологияларни жорий этиш, экспорт салоҳиятини ошириш ҳамда янги инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга хизмат қилиши кутилмоқда. Шу билан бирга, бу каби мулоқотлар мамлакатимиз енгил саноатининг глобал қиймат занжирларига интеграциясини жадаллаштириш ва халқаро бозордаги рақобатбардошлигини янада оширишда муҳим аҳамият касб этади.





