Бугун Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида “Карьера куни” меҳнат ярмаркаси бўлиб ўтди ва ярмарканинг асосий мақсади 2024 йилги битирувчиларни ишга тақсимлаш, уларнинг муносиб иш танлаш жараёнларининг сифат ва самарадорлигини оширишга қаратилди.
Ярмаркада “Ўзтўқимачиликсаноат”, “Ўзчармсаноат” ва “Ўзбекипаксаноат” уюшмаларига аъзо корхоналар, республикадаги Матбаа компаниялари ҳамда Яккасарой туман Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлими вакилларидан иборат бўлган 50 дан ортиқ иш берувчилар бўш иш ўринлари билан иштирок этди.
Бу йил Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтини умумий сонда 1311 нафар талаба битирмоқда. Шундан, кундузги бўлимда 22 та таълим йўналишлари бўйича 840 нафар, сиртқи бўлимда 10 та таълим йўналишлари бўйича 331 нафар бакалаврлар, 16 та мутахассисликлар бўйича 36 нафар магистрлар, хорижий ҳамкор олий таълим муассасалари билан ташкил этилган қўшма таълим дастурлари бўйича 98 нафар бакалавр, ҳамда 6 нафар магистрлар битирмоқдалар.
Ҳозирги пайтда Республикамиз енгил саноат тизимида замонавий технология ва ускуналар билан жиҳозланган 2000 дан ортиқ корхоналар фаолият юритмоқда. Ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва қайта жиҳозлаш, малакали кадрлар тайёрлаш, чет-эл инвестициясини жалб этишга асосланган ривожланиш стратегияси рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда уларнинг экспорти кўламини кенгайтириш имконини бермоқда.
Мамлакатимиз енгил саноат тармоғи ўз салоҳиятини янада юксалтириш учун катта имкониятларга эга. Юқори малакали кадрлар тайёрлаш бўйича самарали дастур бу борада муҳим ўрин тутади. Институтда ҳар йили тўқимачилик ва енгил саноат, пахта саноати ва матбаа саноати учун мингдан зиёд мутахассислар тайёрланмоқда.
Ўйлаймизки, мазкур “Карьера куни” меҳнат ярмаркасида тадбиркорлар ўзларига керакли ёш кадрларни танлаб олишади, институт битирувчилари эса ўзлари учун бўш иш ўринларини топиб, келажакда ишлайдиган истиқболли корхона ва ташкилотлар билан шартномаларини тузадилар ҳамда ўз мутахассисликлари бўйича фаолият кўрсатиб, республикамизнинг иқтисодий-ижтимоий ривожига ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшадилар деган умиддамиз.




