Бугун, 7 май куни Тошкентда “Венгрия бизнес делегацияси” Ҳуқуматлараро комиссияси доирасида “Ўзбекистон-Венгрия бизнес-форуми” бўлиб ўтди.
Тадбирда Baxt Textile, Nil Granit йирик пахта ва тўқимачилик кластерлари, Yuksak Service Tekstil тайёр маҳсулотлар компанияси иштирок этдилар.
Ундан ташқари, иштирокчилар Венгрия енгил саноат уюшмаси, Fivosz – Ёш тадбиркорлар миллий уюшмаси ва “Art Work Design” компанияси вакиллари билан В2В учрашувларини ўтказдилар.
Шунда, мамлакатнинг тўқимачилик, кийим-кечак, чармва поябзал саноатининг 100 га яқин корхоналарини ўз ичига олган Венгрия енгил саноат уюшмаси билан музокаралар чоғида ўзбек корхоналари ўз салоҳиятини намойиш этдилар ва “Ўзтўқимачиликсаноат” вакиллари ҳамкорликни, “Made in Uzbekistan” брендини Европа бозорида илгари суриш учун Венгрияда омборхона очишни таклиф қилдилар.
Иқтисодиётнинг турли тармоқларидан 5000 дан ортиқ 35 ёшгача бўлган ёш тадбиркорларни бирлаштирган Fivosz – Ёш тадбиркорлар миллий уюшмаси билан учрашувда томонлар Ўзбекистон тўқимачилик саноати корхоналари билан кооперация алоқаларини ўрнатишга келишиб олдилар.
Art Work Design компанияси вакили Андрас Федосзежев билан мунозаралар саноат корхоналарини бошқариш учун дастурий таъминот дастурларини ишлаб чиқиш, шунингдек сув ресурсларини тежаш йўналишида бўлиб ўтди.




