Шубҳасиз, тўқимачилик саноати – Ўзбекистон иқтисодиётининг муҳим тармоқларидан бири. Унинг имкониятлари иш ўринлари сони бўйича етакчиликни кафолатлайди. Соҳа фаол ривожланмоқда. Мамлакатимиз Президенти томонидан тўқимачилик маҳсулотлари экспортини 5 млрд. долларга етказиш мақсади қўйилган, тикув-трикотаж корхоналари қувватларидан фойдаланиш даражасини эса ҳозирги 65 фоиздан 81 фоизга ошириш режаланмоқда.
«Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси раиси Илҳом Ўткурович ҲАЙДАРОВ таҳририятимизнинг тармоқ ривожланишига оид саволларига жавоб берди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 10 январдаги № 2 сонли фармонига қўшимча равишда 04.09.23 йилдаги «Тўқимачилик саноатини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармон имзоланди. Ушбу фармонлар ижроси бўйича кандай ишларни ижроси таъминланяпти ва тез орада амалга ошириладиган ишлар хусусида сўзлаб берсангиз?
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 10 январдаги № 2 сонли фармонига қўшимча равишда 04.09.23 йилдаги «Тўқимачилик саноатини молиявий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармон имзоланди. Ушбу фармонлар ижроси бўйича кандай ишларни ижроси таъминланяпти ва тез орада амалга ошириладиган ишлар хусусида сўзлаб берсангиз?
– Президентимизнинг мазкур Фармонлари тўқимачиликни ривожлантиришга йўналтирилган бўлиб, унинг имзоланиши тўқимачилик соҳасининг давлат томонидан қўллаб-қувватланаётганини ҳамда уни жадал ривожлантириш йўлидан борилаётганини англатади. Мазкур фармон Ўзбекистонни 2027-йилгача экспорт салоҳияти 10 млрд. долларгача бўлган минтақавий тўқимачилик марказига айланишига асос бўлади.
Шунингдек, газлама, трикотаж ва тайёр тикув-трикотаж маҳсулотларини экспорт қилувчи корхоналарни айланма маблағлар билан узлуксиз таъминлаш мақсадида ажратилган 200 млн. доллардан тармоқдаги 80 та корхонани таъминлаш бўйича келишувга эришилди, шундан 20 дан зиёд корхонага банклар томонидан 30 млн. доллар ажратилиши маъқулланган, қолганлари тасдиқлаш ёки кўриб чиқиш босқичида.
Бундан ташқари, қоплама, гилам, бўяш-пардоз, тайёр тикув-трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқариш соҳасидаги 100 млн. долларлик кредитлар ажратилган лойиҳаларни амалга ошириш доирасида, 114 млн. долларлик 14 лойиҳа ишлаб чиқилиб, уларга 10 дан ортиқ корхона буюртма берди.
Шунингдек, маҳаллий корхоналар маҳсулотларига халқаро сертификатлар берувчи хорижий компания- ларнинг учта ваколатхонасини ташкил этиш пунктига мувофиқ Control Union, OEKO TEX, Better Cotton ва Better Work ваколатхоналари ишга туширилди. Шу жумладан Нюрнбергдаги Centrastex савдо уйи ва Штутгартдаги Барқарор пахта уюшмаси, шунингдек, Германияда, Испаниянинг Барселона шаҳрида савдо уйи очилди. Дунёнинг 10 та давлатида – Германия, Польша, АҚШ, Россия, Литва ва бошқа давлатларда тармоқ корхоналарининг 60 дан ортиқ савдо уйлари ташкил этилган. Шу билан бирга давлат тармоқ корхоналарининг савдо уйлари ва омборларни ижарага олиш харажатларини 100% қоплаш орқали, уларни ташкил этишни рағбатлантирмоқда. Шунингдек, Европа, Туркия, Миср, Марокаш, Шимолий ва Жанубий Америка, Араб Республикаси, Корея, Японияга газлама, трикотаж мато ва тайёр тикув-трикотаж маҳсулотларини экспорт қилувчилар транспорт харажатларининг 70 фоизгача қисми давлат томонидан қопланмоқда.
– Биз жуда қисқа вақт ичида мажбурий меҳнатга бутунлай барҳам беришга ва бу ҳодиса ривожининг олдини олишга муваффақ бўлган ягона давлатмиз. «Пахта бойкоти» бекор қилингандан сўнг тармоқ қандай ривожланмоқда?
– 2022 йил бошида Ўзбекистоннинг Халқаро меҳнат ташкилоти, Cotton Campaign халқаро ташкилоти, ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ноҳукумат гуруҳлари иттифоқи, касаба ва бизнес уюшмалари томонидан мажбурий ва болалар меҳнатидан холи давлат сифатида эътироф этилишига осонликча эришмадик. Бунинг учун кўплаб музокаралар олиб борилиб, тасдиқланган Йўл харитасига мувофиқ ишлар амалга оширилди. Cotton Campaign ҳаммуассиси Беннетт Фриман маълум қилишича, Ўзбекистон мажбурий меҳнатга барҳам бериш ва мамлакат пахта соҳасини ўзгартириш учун зарур тарихий ислоҳотларни амалга оширди.
«Пахта бойкоти» бекор қилиниши, энг аввало тўқимачилик маҳсулотлари экспортини бир неча баробар оширишга олиб келди, маҳсулот етказиб бериш занжирида барқарорлик, кузатилувчанлик ва шаффофликка эришилди. Шунингдек, бойкотнинг бекор қилиниши дунё брендларни ва ритейлерларни Ўзбекистонга жалб этиш бўйича ҳаракатларни кучайтиришга янги имконият яратди. Ҳозирда уларнинг кўпчилиги билан ҳамкорликни йўлга қуйиш бўйича музокаралар олиб борилмоқда.
Better Cotton ва Better Work дастурларини ишга тушириш Ўзбекистон саноати учун муҳим воқеа бўлди, уларнинг мамлакатимиздаги фаолияти тўқимачилик ва тикувчилик саноати барқарорлиги, халқаро талаб ва стандартларга мувофиқлиги, маҳсулотлар сифатидан далолат беради.
Уюшма АҚШ кийим-кечак ва пойабзал ассоциацияси аъзоси бўлди, БМТнинг барқарор ривожланиш стандартлари бўйича Форумида (UNFSS) иштирок этди, шунингдек, Ўзбекистон илк бор Стокгольмда ўтган Global Fashion Summit форумида қатнашди.
Энг муҳими, тўқимачилик соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар ва «пахта бойкоти» бекор қилиниши натижасида мамлакатимизда инвесторлар учун жозибали муҳит яратилди. Хусусан, 2017–2022 йилларда 3,6 млрд. долларлик қарийб 430 янги лойиҳани амалга ошириш натижасида жами 95 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилди. Бугун соҳага 600 мингга яқин киши жалб этилган.
– Соҳанинг ўзига хослиги шундаки, мамлакатнинг ўзида пахта толасини қайта ишлаш қувватлари 100 фоизга етказилган, ҳолбуки, бошқа «тўқимачилик » давлатлари буни фақат орзу қилишлари мумкин. Бу борада фикрингизни билмоқчи эдик.
– Ўтмишда пахта етиштирувчи мамлакат саналган республика олдида юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кўпайтириш ҳисобига тўқимачилик саноатини ривожлантиришдек долзарб масала турарди. Бу борада тўқимачилик саноатида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар пахта толасини тўлиқ қайта ишлаш имкониятини таъминлаб, пахтамизни жаҳон бозорига хомашё эмас, балки тайёр маҳсулот кўринишида олиб чиқди. Бугунга келиб, энг замонавий тўқимачилик ускуналари туфайли тармоқ 1,3 млн. тонна пахта толасини қайта ишлаш салоҳиятига эга, бу пахта экспортчисидан импортчисига айланганимиздан далолат. Жумладан, мамлакатимизда ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш – ишлаб чиқарилаётган тола турларини кенгайтириш сиёсати олиб борилмоқда.
Бунга мисол тариқасида яқинда Бухородаги «Сиёвуш текстиль» йирик корхонасида акрил ип-калава ишлаб чиқариш лойиҳаси бошланганини, унинг қуввати маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг шундай толадан тайёр маҳсулотларга эҳтиёжини қондиришини айтишимиз мумкин. Келгусида ишлаб чиқаришни янада кенгайтириб, бошқа мамлакатларга ҳам акрил ип-калава экспорт қилиш имкони- ятига эга бўламиз.
Айнан шундай ишлаб чиқариш қувватлари Ўзбекистонни минтақавий тўқимачилик хабига айлантириш имконини беради.
– Пахта-тўқимачилик кластерлари кутилганидек самарали ишлаяптими? Амалда мавжуд муаммоларни санаб ўтишингиз мумкинми?
– Кластер тизимига ўтиш қисқа вақт ичида қишлоқ хўжалиги ва тўқимачилик саноатида туб ўзгаришлар учун замин яратди. Хусусан, пахтачиликда толани қайта ишлашнинг ўзи 2,5 баробар ошиб, 100 фоизга етди, ип- калава ва тайёр маҳсулот ишлаб чиқариш ҳам бир неча баробар ошди, шунга мос равишда экспорт ҳажми ҳам ортиб бормоқда. Юз минглаб иш ўринлари яратилди. Жаҳон бозорида маҳсулот етказиб бериш занжирининг барқарорлиги ва шаффофлигига эришилди. Кластерларда 3,4 млн. тоннадан ортиқ пахта хом ашёси етиштирилмоқда, бу мамлакатдаги жами пахта ҳосилининг 90 фоиздан ортиғини ташкил этади.
Айни вақтда Ўзбекистоннинг пахта-тўқимачилик кластери тизими тажрибаси мамлакатимиздан ташқарида ҳам кенг маълум. Озарбайжон, Қирғизистон, Қозоғистон, Покистон ва бошқа кўплаб давлатлар бундай тизимни ўз мамлакатларида жорий этишдан манфаатдор эканини билдирди, баъзилар эса кластерларимиз билан ҳамкорликда ишламоқда. Масалан, Қозоғистондаги Global Textile компанияси Global Textile Turkestan лойиҳасини амалга ошириб, Туркистон вилоятининг фермер-пахтакорлари билан самарали ҳамкорлик қилмоқда. Тожикистонда «Зелал Текстиль», Қирғизистонда «Арт Софт» лойиҳалари амалга оширилмоқда.
Албатта таъкидлаш керакки, сув тежайдиган тизимлар, ҳосилни ҳимоя қилиш учун фойдали ҳашаротларни кўпайтириш, йўлдош технологияларидан фойдаланиш ҳамда дунёнинг етакчи компанияларининг энг янги ускуналари ва замонавий лабораториялари жорий этилиши, кластерларда стандартлаштириш ва сертификатлаштириш бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар республикага хорижий инвестициялар ва халқаро брендларни жалб этишнинг ўзига хос кафолати ҳисобланади.
Ҳар бир янгилик сингари, кластер тизими ҳам вақт синовидан ўтиши керак. Эришилган ютуқлар билан бир қаторда, асосан инфратузилма ташкил этиш, электр энергия билан таъминлаш, профессионал мутахассислар ва ишчиларга эҳтиёж билан боғлиқ муаммолар ҳам бор, албатта. Аммо бу муаммоларни ҳал қилиш учун давлат ва уюшма томонидан фаол ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, электр энергияси билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш борасида корхоналарга қуёш батареялари ва коллекторлар ўрнатиш учун давлат томонидан субсидия ва имтиёзлар берилмоқда. Соҳа учун тегишли кадрлар тайёрлашга келсак GIZ кўмагида дуал таълим тизими республика таълим тизимига татбиқ этилмоқда.
– Маълумки, уюшма халқаро миқёсда қизғин фаолият олиб бормоқда. Бу хорижий компания ва ҳамкорлар билан кўплаб учрашувлар, икки томонлама ташрифлар, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик, кўргазмаларда иштирок этиш ва ҳоказолар. Ҳозирда Ўзбекистон жаҳон миқёсида қандай қабул қилинмоқда?
– Соҳада амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар мамлакатни тенг ҳуқуқли халқаро иштирокчи даражасига олиб чиқди. Шунингдек, бу йил Италиянинг Милан шаҳрида дунёдаги энг йирик кўргазмалардан бири – тўрт йилда бир марта ўтказиладиган Халқаро тўқимачилик технологиялари кўргазмаси (ITMA 2023) бўлиб ўтди. Кўргазмада Президентимиз Ш. Мирзиёевнинг иштирок этиши Ўзбекистоннинг жаҳон тўқимачилик бозорида нақадар танилганини, ишончли етказиб берувчи сифа- тида муҳим ўрин эгаллаганини, жаҳон ишлаб чиқарувчиларининг муносабати тубдан ўзгарганини кўрсатди. Бундан ташқари, Уюшма ва 70 дан ортиқ корхоналар 20 та халқаро кўргазма ва бизнес-форумларда, шу жумладан, Франкфуртдаги Heimtextil, Амстердамдаги Kingpins Show Amsterdam, Нью-Йоркдаги Texworld USA, Копенгагендаги Global Fashion Summit кўргазмаларида, Женевадаги UNECE «Яшил иқтисодиёт» 70-сессиясида қатнашди. Бундан ташқари, шу йилнинг ўзида уюшма раҳбарияти Франция, Сингапур, Хитой, Италия, Эрон, Қозоғистон, Саудия Арабистони, Германия, Россия, Миср, Корея каби давлатларга 11 давлат ташрифларида иштирок этди, уларнинг якунлари бўйича умумий қиймати 507,4 млн. долларлик 31 та инвестиция лойиҳасини амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.
– Кейинги вақтда мамлакатимизда сув захиралари танқислиги таҳдиди ҳақида хабарлар кўп тарқалмоқда. Бугун бу муаммо пахта саноати доирасида қандай ҳал этилмоқда?
– Сув муаммоси бугун минтақавий эмас, балки дунёвий тус олди. Иқлим ўзгариши пахта ҳосилига чамбар- час боғлиқ бўлган мамлакатимизнинг тўқимачилик саноатига ҳам таъсир кўрсатди. Сув танқислигининг салбий оқибатларини юмшатиш учун бир қатор чора-тадбирлар маълум. Суғориш тармоқларини бетонлаш, ерларни лазер билан режалаш, сувдан самарали фойдаланиш, соҳани тўлиқ рақамлаштириш, сувни тежовчи технологияларни жорий этишни кенгайтириш, суғориш маданиятини юксалтириш шулар жумласидан. Ўзбекистон тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноати далаларда (уларнинг майдони 1 млн. гектардан ортиқ) томчилатиб суғориш технологияларини жорий этишни, корхоналарда сув тозалаш иншоотлари, қуёш энергияси билан иситиладиган сув коллекторлари ўрнатишни, шунингдек, тайёр маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва бўяшда сув тежайдиган технологиялардан фойдаланишни бошлади.
Khantex, Global Textile, Sardoba Universal Klaster, Mergantex, Agrocluster, Indorama ва бошқалар ўз фаолиятида аллақачон сувни тежаш технологияларидан фойдаланмоқда.
– Маҳаллий маҳсулотларни экспорт қилиш жуғрофияси кенгаймоқда. Сўнгги вақтларда қайси ҳудудлар янги ҳамкорларимизга айланди?
– Бугунги кунда ўзбек тўқимачилик маҳсулотлари экспорт қилинадиган мамлакатлар қамрови 70 дан ошди, Европа, Жануби-Шарқий Осиё, Африка, Лотин Америкаси ва АҚШнинг бозорларини тобора ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилар эгаллаб бораётганини таъкидлаш лозим. Бу борада янги ишбилармонлик ва савдо алоқалари йўлга қўйилмоқда ва логистика йўналишлари ишлаб чиқилмоқда.
Ишонч билан айтиш мумкинки, фабрикаларимизда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг аксарияти Европа ва АҚШ ишлаб чиқарувчилари, бренд ва ритейлерларининг талаб ва стандартларига жавоб беради. Бир қанча жаҳон ишлаб чиқарувчилари ўз корхоналарини Ўзбекистонга кўчирмоқда. Германиянинг Teamdress ва Langheinrich, Италиянинг Cottonella ва Armonie Intime компаниялари тайёр маҳсулот ишлаб чиқаришни йўлга қўймоқда.
– Келажакда тармоқни қандай тасаввур этасиз?
– Ўзимиз учун ривожланишнинг устувор йўналишларини белгилаб олдик, уларга мувофиқ фаолиятимиз- ни давом эттирамиз.
Бу биринчи навбатда, корхоналарни хом ашё билан таъминлаш, шу жумладан, маҳаллийлаштириш дастури доирасида ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражаси ва ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, маҳсулотлар турини кенгайтириш ва диверсификация қилиш орқали иқтисодий ва молиявий барқарорликка эришиш.
Иккинчидан, таркибий ўзгаришларни янада чуқурлаштириш, шунингдек, ички истеъмол бозори эҳтиёжларини қондириш орқали тўқимачилик маҳсулотларининг экспорт салоҳиятини ошириш ва рақобатбардошлигини мустаҳкамлаш.
Яна бир муҳим йўналиш – стратегик аҳамиятга эга лойиҳалар бўйича фаол инвестиция сиёсатини амалга ошириш, шу жумладан, тўғридан-тўғри ва хорижий инвестицияларни кўпайтириш, эркин бозор механизмларини жорий этиш, соғлом рақобатни таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини ташкил этиш учун шарт-шароит яратишдир. Юқоридаги чора-тадбирларнинг бажарилиши аҳоли бандлигини ошириш ва янги иш ўринлари яратишга олиб келади. Бу орқали ижтимоий масалалар ҳал қилинади, тўқимачилик саноати учун кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизими тубдан такомиллаштирилади.
Кейинги қадам – «яшил иқтисодиёт» технологияларини, ишлаб чиқаришнинг барча соҳаларига «айланалилик» тамойилларини жорий этиш, энергия самара- дорлигини ошириш ва зарарли чиқиндиларни камайтириш, захираларни тежаш, ишлаб чиқариш маданиятини ошириш каби экологик жиҳатлар ҳисобига ишлаб чиқаришнинг иқтисодий самарадорлигини таъминлаш. Ишлаб чиқариш жараёнига илғор инновацион ва рақамли технологияларни кенг жорий этиш ҳам шу жумлага киради.
Келажак учун режаларимиз улкан. Ишончимиз комилки, ҳукумат, корхоналаримиз ва инвесторларнинг биргаликдаги саъй-ҳаракати билан мақсадларимизга эришамиз. Келажакда нафақат иқтисодий фойда келтирадиган, балки экологик тоза, ижтимоий масъул ва технологик илғор саноатни кўраяпмиз. Бу мақсадга эришиш, ривожланиш давомийлиги учун астойдил меҳнат қилишга тайёрмиз.
– Қизиқарли суҳбат учун ташаккур.
uzts.uz веб-сайтидаги маълумотларни кўпайтириш, нусхалаш, тиражлаш, тарқатиш ва бошқа тарзда фойдаланиш фақат уюшма веб-сайтига ҳавола орқали амалга оширилиши мумкин




