Ҳозирда ҳорижий ва махаллий тўқимачилик саноати вакилларини бир савол қизиқтирмоқда. Ўзбекистон ип-калава экспортидан воз кечадими?
Давлатимиз раҳбари тўқимачилик саноатига доир чиқишларида пахтани чуқур қайта ишлашни жадаллаштириш ва тайер маҳсулот улушини ошириш асосий мақсад эканлигини бир неча бор таъкидлади. Жумладан, 2022 йил
20 декабрь куни Олий Мажлисга Мурожаатида ҳам Давлатимиз раҳбари тўқимачилик саноатида экспорт хажмини 1.5 баробарга ошириш, яъни 5 миллиард долларга етказиш вазифасини кўйди. Бунда мавжуд GSP+ преференцияларидан фойдаланиб Европа бозорига 500 миллион доллар маҳсулот экспортини етказиб бериш устувор вазифа эканлиги белгиланди.
Ҳукумат томонидан пахта толаси экспорт қилишни тўлиқ тўхтатилиши ички имкониятлардан унумли фойдаланишга олиб келди ва яхши натижаларни берди.
Маълумки, ҳозирда мавжуд тизим ип-калава чуқур қайта ишлаш эвазига уни экспортини қисқартириш ва бу жараённи босқичма босқич амалга ошириш кўзда тутилган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-5989-сонли Фармонига билан Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали пахта ип-калаваси ва трикотаж матони (бўялган трикотаж матодан ташқари) олиб чиқишда 2021 йил 1 январдан бошлаб олиб чиқиладиган ҳар бир килограмм ип-калава учун 0,01 АҚШ доллари, 2022 йил 1 январдан олиб чиқиладиган ҳар бир килограмм ип-калава ва трикотаж мато учун 0,05 АҚШ доллари, 2023 йил 1 январдан — 0,1 АҚШ доллари, 2025 йил 1 январдан — 0,2 АҚШ доллари миқдорида йиғим ундирилиши белгиланган.
Агар рақамларга назар ташлайдиган бўлсак Республикада етиштирилаетган 1.1 млн.тон пахта толасини Республика ичида 100 % қайта ишлашга эришилган. Бироқ, ишлаб чиқарилган ип-калаванинг 40% қайта ишлаб чиқарилади, қолган 60 % экспортга йўналтирилмоқда. Республика тўқимачилик саноати маҳсулотлари экспортининг 45 % ни ип-калава маҳсулотлари ташкил этади. Асосий бозорлар Туркия, Хитой, МДҲ давлатлари ҳисобига тўғри келади.
2023 йилда Тўқимачилик саноатини ривожлантириш стратегиясига асосан маҳсулот экспортини деярли 1.5 баробарга ошириш энг аввало ип-калавани чуқур қайта ишлашни 60% га етказиш ва юқори қўшилган қийматли маҳсулотларни ишлаб чиқаришни кенгайтириш, жумладан, уй текстили ва гилам маҳсулотларини ишлаб чиқаришни жадаллаштириш, сунъий толани қайта ишлашни йиллик 80 минг тоннага ошириш, 50 дан ортиқ янги турдаги маҳсулотларни маҳаллийлаштириш ва ўзлаштириш эвазига эришиш кўзда тутилган.
Айни дамда, Ўзбекистон Республикаси божхона чегараси орқали пахта ип-калаваси олиб чиқишда 2023 йил 1 январдан бошлаб олиб чиқиладиган ҳар бир килограмм ип-калава учун 0,1 АҚШ доллари миқдорида йиғим ундирилмоқда
Дунёда мавжуд сиёсий ва иқтисодий жараёнлар тармоқ корхоналари фаолиятига таъсирини юмшатиш ҳамда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, жумладан, йигирув фабрикалари ва кластерларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ташқи бозорда рақобатбардошлигини сақлаб қолиш мақсадида “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ-5989-сонли Фармонининг 8б бандига ўзгартириш киритиш, яъни 2023 йилнинг 1 январидан бошлаб экспорт қилинган ҳар бир килограм ип-калава учун 0.05 АҚШ доллари миқдорида йиғим ундириш ва 2022 йил даражасини сақлаб қолинишини кўзда тутувчи Фармон лойиҳаси ишлаб чиқилди, тегишли вазирлик ва идоралар билан келишилди ва тасдиқлаш учун тақдим этилди.



