Қўшробот туманидаги Чиммос маҳалласи Самарқанд вилоятининг энг чекка аҳоли пунктларидан бири ҳисобланади. Вилоят марказидан 130 километр узоқликдаги мазкур ҳудуд аҳолиси асосан чорвачилик ва боғдорчилик билан шуғулланади. Кейинги йилларда юртимизда олис қишлоқлар аҳолиси учун қулай турмуш шароити яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар туфайли ушбу маҳалла ҳам обод бўлди. Йўллар таъмирланди, коммунал хўжаликдаги муаммолар бартараф этилди. Янги мактабгача таълим ташкилоти, болалар спорт майдончалари ташкил қилиниб, умумтаълим мактаби таъмирланди. Фақатгина ишсиз аҳоли бандлигини таъминлашда йирик саноат корхонаси, ишлаб чиқариш субъекти йўқлиги муаммо бўлаётган эди.
Бу муаммога “Шарқ саноат” концерни томонидан ечим топилди. Маҳаллада “Зарафшон текстил” тикувчилик фабрикасининг мамлакатимиздаги ўн биринчи ишлаб чиқариш корхонаси ташкил этилди. Ушбу корхонани ишга тушириш учун 38,5 миллиард сўм сарфланди. “Зарафшон техтиле” масъулияти чекланган жамиятининг очилиш маросимида вилоят ҳокимлиги, секторлар раҳбарлари, халқ қабулхонаси вакиллари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
– Давлатимиз раҳбари 2018 йилда Оқдарё туманидаги тикувчилик фабрикамиз фаолияти билан танишганида иқтисоди нисбатан оғир бўлган Қўшработ, Нуробод сингари туманларда бу каби трикотаж корхоналарини ташкил қилиш зарурлигини таъкидлаган эди, – дейди “Шарқ саноат” концерни таъсисчиси Шавкат Шарипов. – Ана шу вазифалардан келиб чиқиб Чиммосда 500 ишчи ўрнига эга ушбу фабрика фаолиятини йўлга қўйдик. Ўзимизнинг пахтачилик кластеримиз бор. Демоқчиманки, толадан тайёр маҳсулотгача ўзимиз тайёрлаймиз ва асосан, экспортга чиқарамиз. Бу йил шу пайтгача амалда бўлган ўзбек пахтасига байкот бекор қилинди, мамлакатимизга GSP+ сертификати берилди. Дунёнинг 300 дан ортиқ компанияси маҳсулотимизни харид қилиш бўйича шартнома тузди. Энди бу имкониятдан самарали фойдаланишимиз керак.
Фабрикага Япониянинг “JUKI” компаниясининг замонавий тикувчилик дастгоҳлари келтириб ўрнатилди. Ишлаб чиқариш жараёнига туркиялик мутахассислар жалб этилган бўлиб, улар маҳаллий аҳолига тикувчилик сирларини ўргатмоқда. Йиллик қуввати 3,5 миллион дона тайёр трикотаж маҳсулотлари бўлган корхона асосан экспорт билан шуғулланади ва бу орқали йилига 8 миллион долларга яқин даромад олиш мўлжалланган.
Янги ишлаб чиқариш корхонаси фаолият бошлаши билан қишлоқнинг 500 нафар хотин-қизлари, асосан, “Темир”, “Аёллар” ва “Ёшлар” дафтарларида бўлган ишсизлар доимий иш билан таъминланди.
– Бундай фабрикаларни телевизорда кўриб, қанийди биз ҳам шундай корхоналарда ишласак, деб орзу қилар эдик, – дейди Сарвиноз Бойбўриева. – Мана бугун ана шу орзуларимиз амалга ошиб турибди. Замонавий корхонада ишлаяпмиз. Ишга келиб-кетишимиз учун махсус автобус ажратилган. Шу ернинг ўзида тушлик беришади. Ойлик маош ҳам яхши экан. Қишлоқда шаҳардагидек шароитда ишлаётганимиздан хурсандмиз.
Ғ.ҲАСАНОВ,
ЎзА




