2021 йил 27 январь куни Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети биносида аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида кийиниш маданияти тарғиботини ташкил этишга қаратилган “Нафосат” фестивали доирасида ёш дизайнерлар ва соҳа мутахассислари иштирокида давра суҳбати ўтказилди. Ўзбекистон Республикаси Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси томонидан ташкил этилган мазкур тадбирда сенаторлар, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари, “Ўзтўқимачиликсаноат” уюшмаси вакиллари иштирок этди.
Таъкидланганидек, кийиниш маданияти орқали ҳар бир инсон ўз дунёқараши, атрофидаги инсонларга муносабатини акс эттиради. Шу жиҳатдан инсон эгнидаги либос, аввало, унинг ёши, ижтимоий мақоми ва мулоқот вазиятига мос бўлмоғи лозим. Қолаверса, халқимизга хос қадриятларни ҳам намоён этиши керак. Давра суҳбатида ушбу йўналишда амалга оширилиши режалаштирилган тадбирлар ҳақида фикр алмашилди. Жумладан, “Ижтимоий фикр” республика жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази билан ҳамкорликда ўтказиладиган ёшларнинг кийиниш маданияти ҳақидаги фикр-мулоҳазаларини ўрганиш бўйича сўровнинг ташкилий ва амалий жиҳатлари муҳокама қилинди. Қайд этилганидек, “Нафосат” фестивали доирасида ўтказилаётган бу каби тадбирлар тавсия хусусиятига эга бўлиб, виждон ва эътиқод эркинлиги асосида халқимизга мос кийиниш маданиятини тарғиб қилишга қаратилган.
Шунингдек, улардан кўзланган мақсад – ёшлар орасида кийиниш маданиятини ривожлантириш, миллий кийимларнинг замонавий услубдаги андозаларини яратиш, турли соҳаларда фаолият юритаётган аёлларнинг кийиниш услуби борасида тавсиялар ишлаб чиқишдан иборат.
Тадбир доирасида Ўзбекистон Миллий университети талабалари томонидан “Ўзбекистон ёшлари – миллий маданият ва қадриятлар” мавзусида тақдимот ўтказилди. Унда талаба-ёшлар ўртасида бугунги кунда урфда бўлган либослар ҳақида тўхталиб, миллий ва замонавий дизайнлар асосида таёрланган классик либосларнинг афзалликлари хусусида фикрлар илгари сурилди.
Қолаверса, давра суҳбатида иштирок этган дизайнерлар ва соҳа мутахассислари томонидан замонавий ўзбек аёли имижи бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди. Улар томонидан йиғилганлар эътиборига тақдим этилган маърузаларда замонавий моданинг менталитетимизга мос янгиликларидан фойдаланиш, уларни миллий услубимизга мослаштириш бўйича таклифлар берилди.




