2021 йилдан 2023 йилгача вақт оралиғида “The Jeans Redesign” дастурида иштирок этган глобал брендларнинг 72 фоизи дизайн қийинчиликларини енгиб ўтиб, тахминан 1,5 млн жуфт қайта ишланган жинси шимларни бозорга чиқарди. Бу 2021 йилга нисбатан уч баравар кўпайганлигини англатади, баъзи брендлар дастур тамойилларига риоя қилиш учун жинси шимлар портфелини тўлиқ қайта кўриб чиқишган.
“The Jeans Redesign” – жинсилар ишлаб чиқариш жараёнида сув ва энергия каби кўплаб ресурсларни тежаш лойиҳаси бўлиб, маҳсулотларни қайта дизайнлаш орқали айланма иқтисод учун жинси шимларни лойиҳалаш ва ишлаб чиқариш мумкинлигини кўрсатади.
Саноат, илмий доиралар ва нодавлат ташкилотларнинг 80 нафар экспертлари иштирокида ишлаб чиқилган йўриқнома етакчи брендлар, фабрикалар ва ишлаб чиқарувчиларни жинси шимлар дизайни ва ишлаб чиқариш усулларини ўзгартиришга ундайди.
Дастурда иштирок этаётган кийим-кечак ишлаб чиқарувчилари ва тўқимачилик корхоналарининг тўртдан уч қисми низомга асосан жинси шимлар ишлаб чиқарган, яна 9 фоиз корхона бунга тайёр. “The Jeans Redesign”нинг 2021-2023 йиллардаги жинси шимларни қайта лойиҳалаш натижалари бўйича ҳисоботга кўра, иштирокчилар 2023 йилда айлана иқтисодиёти учун мато ва жинси шимларни модернизация қилишни қўллаб-қувватлаш учун 39 млн доллардан кўпроқ сармоя киритган. Шунингдек, брендлар қайта ишланган ва органик таркибни ва қисмларга ажратилган компонентларни сотиб олиш ва сертификатлаш учун қўшимча пул тўлайдилар.
Муҳими, қайта лойиҳалаш жараёни мода учун айланма иқтисодни қўллаб-қувватловчи инфратузилмани қуриш учун муҳим бўлган талабларини рағбатлантирмоқда. Қувонарлиси, 2021 йилда брендларнинг 6 фоизи янги маҳсулотга кириш моделлари ҳақида хабар берган бўлса, 2023 йилга келиб, бу кўрсаткич ўн икки баравар кўпайди, брендларнинг 71 фоизи жинси шимларни максимал фойдаланиш қийматида сақлаб қолган ҳолда янги хизмат ва бизнес моделини таклиф қилмоқда.




